Тошкентда катта миқдордаги маблағларни талон-торож қилган банк ходимлари аниқланди
Миробод туманидаги «Туронбанк» кассири ва масъул шахслари банкоматдаги 347,5 млн сўм ва 7 600 долларни талон-торож қилганликлари аниқланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган

Тошкент шаҳри Миробод туманида «Туронбанк» банкоматларидан қайтган маблағларни талон-торож қилган банк ходимлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Миробод туман бўлими томонидан «Туронбанк» АТБнинг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, ушбу банк хизматлари маркази касса амалиётлари бўлими кассири Ж.Д. ва бошқа масъул шахслари банк хизматлари марказига қарашли 10 дона банкоматдан қайтган маблағларни тегишли тартибда кирим қилмасдан, сохта маълумотлар тузиш орқали жами 347,5 млн сўм ва 7 600 долларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.




