Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонаси сотувга қўйилди
KPMG Valuation and Consulting компанияси эксклюзив молиявий маслаҳатчи сифатида жалб этилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси сотувга қўйилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 11 февралдаги «Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармонига асосан, Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасини ошкора рақобат тамойилларига асосланган савдо жараёни орқали сотилишини эълон қилди.
Қайд этилишича, ушбу савдо жараёнига KPMG Valuation and Consulting компанияси, активни хусусийлаштириш бўйича энг яхши таклифларни танлаш асосида, эксклюзив молиявий маслаҳатчи сифатида жалб этилган.
Шунингдек, беш юлдузли Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси 2016 йилда Тошкент марказида ташкил топган ва Hyatt халқаро брендининг Ўзбекистондаги биринчи меҳмонхонасига айланган.
Меҳмонхона Ўзбекистонда халқаро меҳмонхоналар тармоғи бошқарувида бўлган ягона беш юлдузли меҳмонхонадир. Шу билан бирга, меҳмонхона шаҳар марказида, Тошкентнинг асосий диққатга сазовор жойларига қулай ва яқин масофада жойлашган.
Бундан ташқари, умумий ер майдони 3,1 гектар, бино ва иншоотлар майдони 60,1 минг квадрат метрни ташкил этади. Меҳмонхона 8 қаватдан иборат бўлиб, мижозлар учун 300 та хона, жумладан, 248 та стандарт ва 52 та люкс/ярим люкс хоналарни мавжуд.
Меҳмонхона ҳудудида халқаро сифат стандартлари даражасида жиҳозланган турли сиғимдаги бир нечта конференция заллари жойлашган. Шунингдек, 850 квадрат метр майдонга эга банкет зали, ёпиқ бассейн ва SPA маркази мавжуд.
Таъкидланишича, савдо жараёнларида иштирок этиш учун аризаларни топшириш бўйича расмий таклиф қўшимча эълон қилинади. Ариза топшириш жараёни барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлади. Манфаатдор шахслар ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрланган ва ариза берувчининг ваколатли вакили томонидан имзоланган хат кўринишида ариза топширишга таклиф қилинади.
Аввалроқ «Фарғонаазот»нинг 99 фоиз акция пакетининг хусусийлаштириш жараёни бошлангани хабар қилинганди.