Туркия шаҳарларида Made in Uzbekistan кўргазмаси ўтказилади
Кўргазма турк ишбилармон доираларини кенг турдаги ўзбек маҳсулотлари билан таништириш мақсадида уюштирилади

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 12 ноябрь куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Туркия савдо вазири Меҳмет Муш икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга оид долзарб вазифаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашув чоғида Ўзбекистон-Туркия савдо айланмасини ошириш ва диверсификациялаш бўйича эришилган натижалар ҳамда келгусидаги тадбирлар юзасидан фикр алмашилган. 2021 йилнинг дастлабки 9 ойида ўзаро савдо ҳажми 2,4 миллиард долларга етгани ва бу кўрсаткич ўтган йилдагисига нисбатан 70 фоизга ошгани қайд этилган.
Шу билан бирга, икки мамлакат бозорларига харидоргир ўзбек ва турк маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш бўйича ишга солинмаган имкониятлар мавжудлиги алоҳида таъкидланган. Томонлар келгуси йилда ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш учун етарли салоҳият ва ресурслар мавжудлигини ҳам қайд этган.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим ҳамда Электрон тижорат соҳасидаги битимни ишлаб чиқиш жараёни кўриб чиқилган. Жумладан, томонлар бир қатор муҳим масалалар бўйича келиша олдилар ва ҳужжатларнинг асосий жиҳатлари бўйича якдил фикрга келган. Ҳужжатларни устида олиб борилаётган ишлар 2021 йил охиригача якунланади.
Таъкидланишича, икки томонлама савдони ошириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, уйғунлаштириш ва рақамлаштириш бўйича ўзаро чоралар кўришга қарор қилинган. 2021 йил охиригача икки мамлакат божхона хизматлари Қўшма божхона кенгашининг 2-йиғилишини ўтказишига келишилган ҳамда унинг давомида бу соҳада аниқ натижаларга эришиш режалаштирилган.
Шунингдек, турк ишбилармон доираларини кенг турдаги ўзбек маҳсулотлари билан таништириш ҳамда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан бўлажак турк мижозлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш мақсадида Туркиянинг йирик шаҳарларида Made in Uzbekistan тармоқлар кўргазмасини ўтказиш масаласи кўриб чиқилган. Туркия томони бу ташаббусни илгари суришда кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Туркия халқаро юк ташувлари соҳасида E-Permit тизимини ишга тушириши хабар қилинганди. Шунингдек, Туркия Ўзбекистонда 9 ойда хорижий капитал билан ташкил этилган корхоналар сони бўйича етакчига айлангани ҳақида хабар берилди.






