Twitter Россия давлат ОАВларига чеклов қўяди
Компания қарорини Европа Иттифоқи баъзи Россия телеканаллари эфирини тўхтатгандан сўнг маълум қилди.

Twitter Россия давлат оммавий ахборот воситаларига чеклов қўяди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Twitter микроблоглар хизмати Европа Иттифоқининг RT ва Sputnik телеканалларини эфирга узатишни тўхтатиши ортидан Россия давлат оммавий ахборот воситаларига ижтимоий тармоқдан фойдаланишни чеклашга қарор қилди.
«Европа Иттифоқи санкциялари қонуний равишда бизни иттифоққа аъзо давлатларда бундай контентдан воз кечишга ундади ва биз уларга амал қилиш ниятидамиз», — деди Twitter матбуот котиби Кети Росбро.
Унинг қўшимча қилишича, глобал ёндашув Европадан ташқарида ҳам бундай медиа контентни кучсизлантиришга эътибор қаратишда давом этади.
Қайд этиш керакки, Европа Иттифоқининг ўз ҳудудида RT ва Sputnik телеканаллари кўрсатувларини тўхтатиш ҳақидаги қарори 2 мартдан кучга кирди.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Россиянинг еттита банкини SWIFT тизимидан узиб қўйгани хабар қилинганди. Шунингдек, Facebook Россия давлат ОАВларига реклама жойлаштиришни тақиқлагани ҳақида хабар берилди.






