UzAuto Motors автомобилларни магнитофонсиз ишлаб чиқаради
Компания харидорлардан узр сўраган.
UzAuto Motors компанияси учун ягона бўлган GM сертификатига эга автомагнитола ишлаб чиқарувчи Humax корхонаси автомагнитолани етказиб беришни номаълум муддатга тўхтатди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати ёзмоқда.
Маълум қилинишича, микросхемалар етишмовчилиги UzAuto Motors компанияси учун ягона бўлган GM сертификатига эга автомагнитола ишлаб чиқарувчи Humax корхонасини ҳам четлаб ўтмаган.
Қайд этилишича, UzAuto Motors компанияси автомобилларни етказиб бериш муддатининг узайиши, конвейерларнинг тўхтаб қолиши ҳамда ишчи ўринларнинг қисқаришини олдини олиш учун бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилар томонидан бундай шароитларда амалда қўлланилган ягона тўғри қарорни қабул қилган – автомобилларни магнитоласиз ишлаб чиқариш.
Жорий йилнинг 19 январь кунидан аввал тузилган шартномалар бўйича Chevrolet Lacetti ва Cobalt автомобиллари Humax компанияси томонидан компонентларни етказиб беришдаги узилишлар сабабли, мижозларга магнитоласиз етказиб берилади.
«Харидорнинг розилиги билан амалга оширилувчи ушбу мажбурий чоранинг қўлланилиши юзлаб истеъмолчиларга узоқ кутилган автомобилларни яқин орада етказилишини таъминлайди», дейилади хабарда.
Ушбу вазиятдан чиқиш учун магнитоласиз автомобиль харидорларига иккита вариант таклиф этилган:
1. Ишлаб чиқарувчи томонидан магнитола қурилмаси ҳамда унинг ўрнатилиш харажатларининг қопланиши билан яқин орада ўз автомобилини магнитоласиз олиш.
«Хоҳишга кўра, бозордан ўзингизга ёққан хоҳлаган турдаги автомагнитолани UzAuto Motors расмий дилерларида ўрнатиш билан автомобилга берилган кафолатни йўқотмайсиз», дейилади хабарда.
2. Автомобилни кейинчалик текин қайта жиҳозлаш билан магнитоласиз олиб кетиш. Ишлаб чиқарувчи томонидан магнитола етказиб берилгандан сўнг автомобилни қайта жиҳозлаш.
Компания харидорлардан узр сўраган.
«UzAuto Motors сизни ишонтириб айтадики, юзага келган ноқулайликни минималлаштириш ва ҳар қандай вазиятда муроса қилиш учун имкон қадар барча ишларни қилади», дейилади хабарда.