UzAuto Motors’га бағишланган кун, гидроэнергетика лойиҳалари билан танишган Мирзиёев ва энг арзон ош сотилаётган ҳудудлар — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади

Яқин соатларда 2021 йилнинг ноябрь ойи ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Captiva-5 учун тўланган пуллар қайтарилмоқда
Маълум қилинишича, Chevrolet Captiva-5 автомобили бўйича жами 461 та шартнома пули тўланган. Айни пайтда 207 нафар харидор Captiva-5 ўрнига бошқа автомобилни олишга қарор қилган. 161 нафари эса тўланган маблағни қайтарилиши учун ариза билан мурожаат қилган ва пулларини қайтариб олган. 41 нафар мижоз кечаги кундан бошлаб компенсация сифатида тақдим этилган 5 фоизлик тўлов суммасини олган.
UzAuto Motors компанияси 20 ноябрь санасида Chevrolet Captiva-5 автомобилларини етказиб бериш бўйича шартномалар тўхтатилгани ҳақида расмий баёнот берганди.
Баёнотда мижозлар мурожаатидан кейин 3 кун ичида тузилган шартномалар бўйича тўланган барча маблағлар тўлиқ қайтарилиши, шунингдек, компания қўшимча равишда олдиндан тўлов суммасининг 5 фоизини компенсация сифатида тақдим этилиши келтирилган.
UzAuto Motors ишлаб чиқаришни камайтириши мумкин
Ўзбекистондаги йирик солиқ тўловчилардан бири бўлган — UzAuto Motors компанияси 2022 йил давлат бюджетини 1,45 триллион сўмга тўлдириши кутилмоқда. Ушбу сумма бюджетнинг 0,73 фоизини ташкил этади. Компания томонидан солиқ тўловларининг ўтган йилларга нисбатан кескин камайиши келгуси йилда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши прогноз қилинаётгани билан изоҳланади.
Компания матбуот котиби Сардор Исҳоқовнинг «Bugun.uz»га маълум қилишича, 2021 йилда яримўтказгичлар бозорида кузатилган глобал тақчиллик автомобиль ишлаб чиқаришга таъсир ўтказди.
«Яримўтказгичлар инқирози автомобиль ишлаб чиқаришга (салбий) таъсир қилди. Бу солиқ солинадиган базанинг пасайишига олиб келди», — дейди Исҳоқов.
2021 йилда компания томонидан давлат ҳисобига 2,2 триллион сўм тўланиши режалаштирилганди. 2020 йилда эса автомобиль ишлаб чиқарувчи компания 2 триллион сўм тўлаб, энг кўп солиқ тушумларини амалга оширган йирик солиқ тўловчиларнинг барча суммасига нисбатан 3 фоиз улушга эга бўлган.
Компания пандемия туфайли карантин чекловлари амал қилганига қарамай, 2020 йилнинг январь–сентябрь ойлари оралиғида 217 минг 771 та енгил автомашина ишлаб чиқарганди. 2021 йилнинг 10 ойи якунига кўра, UzAuto Motors фақат 150 минг 183 та енгил автомобиль ишлаб чиқарди. Шу туфайли давлат бюджети тушумлари прогнозида компаниянинг улуши йил якунида 2,2 триллион сўмдан ҳам камроқ бўлиши мумкин.
Компания матбуот котиби Сардов Исҳоқовнинг таъкидлашича, UzAuto Motors ялпи автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини йиллик 300 минг донага кўпайтириш қувватига эга. Аммо яримўтказгичлар тақчиллиги келгуси йилда ҳам ишлаб чиқаришга салбий таъсир қилиши мумкин.
«Бутун жаҳон автосаноатида пасайиш кузатилаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, инқироз (чипларнинг етишмовчилиги) 2023 йилгача давом этади», — дея қўшимча қилди у.
Машина ишлаб чиқарувчи завод 2021 йилда чиплар глобал дефицити даврида ҳам экспортни суст қилмади, масалан, Қозоғистонга 26 минг 776 та машина сотувга юборилган.
Юк автомобили ишлаб чиқариш камайди
Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистонда 10 ойда ишлаб чиқарилган юк автомобиллари ҳажми бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида 3 257 дона юк автомобиллари ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 фоизга камайган.
Ишлаб чиқарилган юк автомобиллари сони:
2019 йил январь-октябрь — 4 440 та;
2020 йил январь-октябрь — 3 306 та;
2021 йил январь-октябрь — 3 257 та.
UzAuto Motors’дан яна бир «сюрприз»
UzAuto Motors’га боғлиқ бўлмаган ҳолатлар: яримўтказгичлардан тайёрланган бутловчи қисмлар етишмовчилиги ҳамда глобал логистика муаммолари сабабли компания 3.1.1 бандини қўллаш ҳамда 3.1 бандда кўрсатилган автомобилларнинг кутилаётган етказиб бериш муддатини 2 ойга узайтиришга мажбур.
«UzAuto Motors ушбу экстремал чора истеъмолчилар томонидан тўғри тушунилиб қабул қилинишига умид қилмоқда», дейилади хабарда.
Компания автомобилни етказиб бериш бўйича илгари тузилган шартноманинг 1.2 бандига мос равишда шартномага 3.1.1 бандни киритишга мажбурлигини маълум қилган.
Бу UzAuto Motors билан содир бўлаётган биринчи ҳолат эмас. Компания Chevrolet Lacetti ва Chevrolet Labo автомобилини 2021 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида кутаётган харидорларга мурожаат қилиб, етказиб бериш муддати 2 ойга узайтирилишини маълум қилганди.
Шунингдек, UzAuto Motors компанияси 20 ноябрь санасида Chevrolet Captiva-5 автомобилларини етказиб бериш бўйича шартномалар тўхтатилгани ҳақида расмий баёнот берганди. Компания Chevrolet Captiva-5 автомобилини етказиб бериш бўйича бекор қилинган шартномаларнинг маблағларини қайтариши ва компенсацияни амалга оширишини маълум қилди.
Таъмирланган йўллар учун ажратилган маблағ
Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2018–2021 йиллар давомида 339,7 миллион доллар маблағ ўзлаштирилиб 497 километр узунликдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари цементбетон қоплама билан реконструкция қилинган.
Хабарга кўра, йўл хўжалиги соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида республика ҳудудида 2018–2021 йиллар давомида жами 19,8 триллион сўм маблағ ҳисобига 45,3 минг километрдан ортиқ умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва хўжаликлараро ички йўлларда қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари олиб борилган.
Энг қиммат ва энг арзон ош
Маълумотларга кўра, ноябрь ойида ҳудудлардаги ош марказларидаги паловнинг 1 порцияси қуйидаги нархларда сотилган:
- Наманган вилояти — 14 700 сўм;
- Навоий вилояти — 15 300 сўм;
- Қорақалпоғистон — 15 700 сўм;
- Фарғона вилояти — 17 000 сўм;
- Андижон вилояти — 17 800 сўм;
- Сирдарё вилояти — 18 700 сўм;
- Жиззах вилояти — 19 000 сўм;
- Хоразм вилояти — 19 400 сўм;
- Сурхондарё вилояти — 19 600 сўм;
- Самарқанд вилояти — 20 минг сўм;
- Қашқадарё вилояти — 20 300 сўм;
- Тошкент вилояти — 20 500 сўм;
- Бухоро вилояти — 21 300 сўм;
- Тошкент шаҳри — 24 300 сўм.
Гидроэнергетика лойиҳалари билан танишган Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳаларга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, шу кунгача республика гидроэнергетика салоҳиятининг 50 фоизи ишга солинган, холос. Шу боис, энергия қувватини тўлиқ тасарруф этиш мақсадида жами 740 мегаватт қувватли 21 та йирик лойиҳа ишлаб чиқилган. Хусусан, 2022 йилда 170 мегаваттли 7 та, 2023–2024 йилларда 150 мегаваттли 12 та ҳамда 2025–2026 йилларда 420 мегаваттли 2 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Қайд этилишича, тақдимотда ушбу иншоотларни сифатли қуриш ва барқарор ишлашини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилган. Шунингдек, давлат раҳбари тўғон талаб этмайдиган кичик гидростанциялар қуриш масаласига алоҳида эътибор қаратиб, бунга хусусий секторни жалб қилиш кераклигини таъкидлади.
Хабарга кўра, 22 та шундай истиқболли майдон рўйхати шакллантирилган. Уларда қуввати 5 мегаваттгача бўлган мини гидро электр станциялар қуриш бўйича тендер эълон қилиниши белгиланган.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






