Uzbekistan Airways фойдаланилмаган авиачипта пулини қайтариш тартибини соддалаштиради
Бугунги кунда фойдаланилмаган чипта пулини қайтариб беришни расмийлаштиришда йўловчининг шахсий маълумотлари, хизмат кўрсатувчи банк ва авиачипта маълумотларини киритиш каби бир қанча талаблар мавжуд
Авиакомпания матбуот хизматининг хабар беришича, бугунги кунда йўловчилар фойдаланилмаган авиачипта учун пул маблағини қайтаришни чипта сотиб олинган жойда – авиакомпаниянинг расмий сайтида, Uzbekistan Airways Sales филиалида ва авиакомпаниянинг чет элдаги ваколатхоналарида расмийлаштиришлари мумкин.
Авиакомпаниянинг расмий сайтида чипта пулини қайтариб беришни расмийлаштиришда йўловчининг шахсий маълумотлари, хизмат кўрсатувчи банк тўғрисидаги маълумотлар ва авиачипта маълумотларини киритиш талаб этилади. Фойдаланилмаган авиачипта учун пулни қайтариб бериш шакли Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бораётган банкларининг талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва ушбу маълумотларни киритмасдан, пулни қайтариш бўйича авиакомпаниянинг молиявий кўрсатмаси кўриб чиқилмайди.
«Айни пайтда авиакомпанияда бу борадаги барча жараёнларни соддалаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Тез орада авиакомпания сайтида фойдаланилмаган ёки қисман фойдаланилган авиачипталар учун пул маблағини қайтаришнинг соддалаштирилган функциясидан фойдаланиш йўлга қўйилади», – дейилади хабарда.
Таъкидланишича, банк тўлов тизимлари томонидан дастурий таъминотнинг такомиллаштирилиши авиакомпаниянинг расмий сайтида авиачиптани қайтариш шаклини тўлдиришни сезиларли даражада соддалаштиради ва барча ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда, тўлов тизимларининг халқаро стандартларга мувофиқ узлуксиз ишлашини таъминлайди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда компаниянинг фойдаланилмаган авиачипта учун пул маблағларини қайтариш тартиби мураккаблиги ҳақида хабарлар тарқалганди.