Узум етиштирувчилар орасида кўрик-танлов ўтказилади
Танлов ғолибларига БҲМнинг 100 баробари миқдорида пул мукофотлари берилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Узум етиштирувчилар ва вино маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар республика кўрик-танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.
Қайд этилишича, 2023 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта сентябрь ойида узумчилик йўналишида қуйидаги номинациялар бўйича республика кўрик-танлови ўтказилади:
• «Энг яхши узум нави»;
• «Энг яхши маҳаллий узум нави»;
• «Энг яхши вино маҳсулоти».
Танлов ғолибларини пул мукофотлари билан тақдирлаш Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжаллиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Танлов номинациялари бўйича пул мукофотлари қуйидагича тақсимланади:
• 1-ўрин – базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари;
• 2-ўрин – базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 баравари;
• 3-ўрин – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари.




