Вьетнам компанияси Ўзбекистонда қиймати 125 млн долларлик ишлаб чиқариш мажмуасини қуради
Вьетнамнинг «Mareven Food Holdings» халқаро компаниялар гуруҳи 2023-2032 йилларда Ўзбекистонда «Роллтон», «Big Bon» брендлари остидаги маҳсулотлар ва ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 125 миллион долларлик йирик мажмуани қуриш лойиҳасининг тақдимотини ўтказди

Ўзбекистон элчихонаси делегациясининг Хошимин шаҳрига (Въетнам) амалий сафари доирасида «Mareven Food Holdings» халқаро компаниялар гуруҳи раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.
Гуруҳ раиси Данг Кхак Ви ҳамда гуруҳнинг директорлар кенгаши раиси Нгуен Ман Тханг билан музокаралар доирасида Вьетнам томони 2023-2032 йилларда Ўзбекистонда «Роллтон», «Big Bon» брендлари остидаги маҳсулотлар ва ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 125 миллион долларлик йирик мажмуани қуриш лойиҳасининг тақдимотини ўтказди.
Бундан ташқари, макарон, соуслар, қайла, зираворлар ва бошқа пазандачилик неъматлари сингари янги турдаги маҳсулотлар ҳисобидан ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳам режалаштирилмоқда.
Мажмуа «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида жойлашади.
Лойиҳа 800 дан ортиқ кишини иш билан таъминлайди. Бу нафақат Ўзбекистон бозорининг ички эҳтиёжларини қондириш, балки маҳсулотнинг камида 50 фоизини минтақа мамлакатларига экспорт қилиш имконини ҳам беради.
Амалий сафар доирасида Ўзбекистон делегацияси Хошимин шаҳри яқинида жойлашган, «Mareven Food Holdings» халқаро компаниялар гуруҳи таркибидаги озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган UNIBEN заводларида ҳам бўлиб, корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнлари ва логистика-омбор имкониятлари билан танишди.





