Volvo’нинг чораклик соф фойдаси қарийб 300 млн долларга камайди
Октябрь-декабрь ойларида компания 2,12 миллиард швед крони миқдорида соф фойда кўрди.

Швециянинг Volvo Cars компанияси 2021 йилнинг тўртинчи чорагидаги соф фойдаси 56 фоизга ва бутловчи қисмлар етишмовчилиги туфайли даромади 6,1 фоизга қисқарди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Қайд этилишича, октябрь-декабрь ойларида компаниянинг соф фойдаси ўтган йилги 4,83 миллиард кронга (520,4 миллион доллар) нисбатан 2,12 миллиард швед кронини (230,6 миллион доллар) ташкил этган. Volvo’нинг чораклик даромади ўтган йилнинг шу давридаги 85,3 миллиард крондан 80,08 миллиард кронгача камайган.
FactSet томонидан сўралган таҳлилчилар Volvo 2,8 миллиард крон соф фойда, 75,11 миллиард крон даромад олишини кутган. Бироқ, автотранспорт нархининг ошиши сабабли ялпи маржа 18,6 фоиздан 20,7 фоизгача кўтарилган.
Маълум бўлишича, Volvo’да даромад ва фойданинг камайиши таъминот занжиридаги муаммолар ва айрим компонентларнинг, хусусан, чипларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Компания ушбу омиллар ўсишни чеклашда давом этишини кутмоқда, чунки глобал чип танқислиги 2022 йилда ҳам давом этади. Шунга қарамай, Volvo компаниянинг автомобилларига бўлган кучли талаб туфайли савдо ҳажмини оширишни кутмоқда.
«Биз мижозлар талабининг ошиши ва электр транспорт воситаларининг бозор улуши тезроқ ўсишини кутамиз», — дейди Volvo бош директори Хокан Самуэльссон.
Аввалроқ чип тақчиллиги туфайли Toyota’нинг чораклик даромади 407 млн долларга камайгани хабар қилинганди.
Бизнесга оид янгиликлар телеграм каналимизда @kommersuz


