Xalq Banki талабаларга 174 млрд сўм таълим кредити ажратди
Президент қарори билан Ўзбекистондаги ОТМ талабаси бўлган хотин-қизлар учун фоизсиз таълим кредити ажратилади

Таъкидланишича, 2022-2023 ўқув йили учун 2022 йилнинг 25 августидан 30 сентябргача бўлган даврда 15 631 нафар талабага 174 миллиар сўм таълим кредитлари ажратилди. Шундан, 75 фоизи айнан хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келади (132,0 миллиард сўм). Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда банк ахборот хизмати раҳбари Гулноза Алимова хабар берди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги қарорига асосан фақатгина бакалавр ва магистр йўналишининг кундузги бўлимида ўқиётган талабалар учун Ўзбекистондаги 12 та банк томонидан таълим кредитлари ажратиб келинмоқда.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил июль ойидаги қарори билан республикадаги барча олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий, давлат, нодавлат, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотлари уларнинг филиалларида), шу жумладан, қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриат, магистратуранинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган ёки тавсия этилган, ўқишини кўчирган ҳамда иккинчи мутахассислик бўйича ўқиётган барча талабаларга таълим кредитлари ажратиш белгиланган.




