«Ялпи ички маҳсулот 2021 йил 7,4 фоизга ўсди» — Шавкат Мирзиёев
«Маҳаллабай» ишлаш тизими орқали «темир дафтар»даги 583 минг эҳтиёжманд оила доимий даромад билан таъминланди.

Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2021 йил 7,4 фоизга ўсди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича жорий йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Давлат раҳбари фаол ислоҳотлар, тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳаллабай ишлаш бошлангани натижасида, 2021 йили ялпи ички маҳсулот 7,4 фоизга ўсганини қайд этди.
Ҳудудларда 100 мингта янги тадбиркор иш бошлади. Ўзини ўзи банд қилганлар сони 700 мингга кўпайиб, 1,2 миллионга етди.
«2022 йилни ‘Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили’ деб эълон қилдик. Шу боис, бу йил барча маҳаллаларда туб ўзгаришлар йили бўлиши керак», — деди Президент.
Таъкидланишича, «маҳаллабай» ишлаш тизими орқали «темир дафтар»даги 583 минг эҳтиёжманд оила доимий даромад билан таъминланди.






