Янгилаётган Конституция ижтимоий давлат тамойилига оид нормаларни янада мустаҳкамлайди
Қайд этилишича, ижтимоий давлат модели Германия, Буюк Британия, Франция, Япония, АҚШ каби давлатларда самарали қўлланмоқда

20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти парламентга ва халқимизга қилган Мурожаатида ушбу масалага эътибор қаратган ҳолда, «Биз Янги Ўзбекистонни ‘ижтимоий давлат’ тамойили асосида қуришни мақсад қиляпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак», деб таъкидлаб ўтди. Ҳозирги кунда адолатли жамият қуриш сари интилаётган мамлакатимиз учун инсонларга муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш асосий вазифа ҳисобланади.
Ижтимоий давлат бу ижтимоий тафовутларни юмшатиш ва муҳтожларга ёрдам бериш ҳамда ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришишга қаратилган давлат моделидир.
Қувонарлиси, ижтимоий давлат модели Германия, Буюк Британия, Франция, Япония, АҚШ каби давлатларда самарали қўлланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, янгилаётган Конституциямизда ижтимоий давлат тамойилига оид нормаларни янада мустаҳкамлашимиз лозим. Энг муҳими, Конституциямиз сифатли таълим ва тиббий хизмат, ижтимоий ҳимояланмаган ёки эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи тизимини яратиш, ишсизликдан ҳимояланиш, уй-жойга эга бўлишга қаратилган қоидалар билан янада такомиллаштирилиши лозим.
Ҳайитжон ТУРДИЕВ,
доцент, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), Конституциявий комиссия ҳузуридаги Экспертлар гуруҳи аъзоси





