Япония банки Ўзбекистонга 500 млн доллар миқдорида сармоя киритади
Япония банки Ўзбекистонда буғ-газ электр станцияси қурилиш лойиҳасига 500 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри сармоя киритиш бўйича келишувга эришди

Токиода Ўзбекистон Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори Шуҳрат Вафоевнинг Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) раиси Нобумицу Хаяси билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.
JBIC билан ҳамкорлик йиллари давомида қиймати 2,6 миллиард доллардан зиёд ҳажмдаги 11 та лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилди, унинг 1,4 миллиард долларини банкнинг кредити ташкил этади.
Япония томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан биргаликда Марказий Осиё инвестиция форуми ишини ташкил этишда кўрсатилган кўмак учун миннатдорлик билдирилди.
Учрашувда энергетика, кимё, АКТ ва бошқа соҳаларда ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган инфратузилма лойиҳалари бўйича банк билан тизимли ишларни давом эттириш муҳимлиги муҳокама қилинди.
Япония халқаро ҳамкорлик банки раҳбарияти билан музокаралар якунлари бўйича «ИДиЭф», «Соджитц Корпорейшн», «Кюден Интернейшнл» и «Небрас» компаниялари иштирокида Сирдарё буғ-газ электр станцияси қурилиши лойиҳасига 500 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри сармоя киритиш масаласи юзасидан келишувга эришилди.






