Япония маданий мерос архивларини сақлаш учун Ўзбекистонга 400 млн доллар ажратади
Япония маданий мерос архивларини рақамлаштириш лойиҳаси учун Ўзбекистонга 400 млн доллар ажратади. Лойиҳага кўра, Ўзбекистон давлат тарих музейи ва Термиз археология музейи коллекциялар ва экспонатларни асраш учун зарурий ускуналар, суратга оладиган камера ва бошқа жиҳозлар билан таъминланади

Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Япония ҳукумати билан қиймати 400 минг долларга яқин бўлган «Ўзбекистон Республикасида Буюк Ипак Йўли маданий мероси архивларини сақлаш ва рақамлаштириш» лойиҳаси бўйича Алмашув нотаси ва Грант битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ўз қутлов сўзида қадим замонлардан буён Япония ва Ўзбекистон халқлари ва маданиятларини боғлаб келаётган Буюк Ипак Йўлининг маданий меросини асраб – авайлашнинг муҳимлигини таъкидлади. Амалга оширилаётган лойиҳа Ипак Йўли бўйлаб топилган ноёб маданий бойликларни асраб-авайлашга кўмаклашиш, уларни ҳимоя қилиш ишлари самарадорлигини ошириш, Ўзбекистон маданияти ривожига катта ҳисса қўшиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлигининг тимсолига айланишга қаратилган.
Хусусан, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон давлат тарих музейи ва Термиз археология музейига коллекциялар ва экспонатларни асраш учун ускуналар, шунингдек рақамли архивлаш учун зарур ускуналар, шу жумладан 3D сканерлар, 360 даражада суратга оладиган камералар ва бошқа жиҳозлар топширилади.




