Жаҳонда 2021 йили кутилганидан қарийб 10 млн дона кам автомобиль ишлаб чиқарилди
Яримўтказгич тақчиллиги 2023 йилгача давом этиши мумкин.

Яримўтказгич инқирози ва таъминот занжири муаммолари фонида жаҳон автомобиль ишлаб чиқарувчилари 2021 йилда кутилганидан 9,6 миллион дона камроқ машина чиқарди. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.
Европалик ишлаб чиқарувчилар коронавирус инқирозидан кўпроқ зарар кўрди: улар режалаштирганидан 3 миллионга кам автомобиль ишлаб чиқарди.
Маълум бўлишича, экспертлар 2021 йил сентябрь ойида автомобиль ишлаб чиқариш 10,6 миллион донага кам бўлишини прогноз қилганди. Бироқ автомобиль саноатида ўтиб бораётган йил охирига келиб ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ошган.
Шу билан бирга, 2022 йилнинг иккинчи ярмигача вазият яхшиланмаслиги тахмин қилинмоқда. Яримўтказгич тақчиллиги 2023 йилгача давом этиши мумкин.
Аввалроқ Хитой енгил автомобиль саноатида хорижий сармояларга қўйилган чекловларни бекор қилиши хабар қилинганди.






