Жисмоний шахсларга микроқарз ёки кредитларни сўндиришда имтиёз берилади
Киритилаётган ўзгаришга кўра, жисмоний шахсларнинг микроқарз ёки кредитлари бўйича биринчи навбатда асосий қарзнинг қайтарилиши ва қарз юкини камайтиришга ёрдам беради

Марказий банк томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 248-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Унда қайд этилишича, амалга оширилган тўлов суммаси пул мажбуриятини батамом бажариш учун етарли бўлмаганида, бошқа келишув бўлмаса, у энг аввало кредиторнинг ижрони олишга қаратилган чиқимларини, сўнгра фоизларни, унинг қолган қисми эса қарзнинг асосий суммасини узади. Келтирилишича, мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган холлар бундан мустаснодир.
Ҳужжатга асосан, жисмоний шахсларга ажратилган микроқарз ёки кредит (тадбиркорлик фаолияти учун ажратилган кредитлар бундан мустасно) бўйича амалга оширилган тўлов суммаси, агар қарз олувчининг мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарзи қуйидаги тартибда сўндирилади:
- асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорликни;
- муддати ўтган фоиз тўловларини;
- жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорликни;
- жорий давр учун ҳисобланган фоизларни;
- жарима;
- қарздорликни қайтариш билан боғлиқ кредиторнинг бошқа харажатлари ёрдамида сўндирилади.




