Жиззахда қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлаш учун салкам 2 млрд сўм ажратилди
Вилоят ҳокимлиги ташкилий ишлар бошқармасига ажратилган маблағдан мақсадли фойдаланиш вазифаси юклатилган.

Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлаш учун салкам 2 миллиард сўм ажратилди. Бу ҳақдаги вилоят ҳокими фармойиши E-qaror сайтида эълон қилинди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 12 декабрь куни ўтказиладиган «Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни» байрамини кўтаринки руҳда нишонлаш, хусусан, мазкур сана муносабати билан ўтказиладиган тадбирларнинг юқори савияда ташкил этилишини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш, соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланган.
Жумладан, вилоят молия бошқармасининг вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан «Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни» байрамини юқори савияда нишонлаш учун 1 миллиард 894 миллион 814 минг сўм маблағни вилоят ҳокимлигига ажратиши келтириб ўтилган.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ташкилий ишлар бошқармасига ажратилган маблағдан мақсадли фойдаланиш вазифаси юклатилган. Бундан ташқари, вилоят давлат молиявий назорати бошқармаси ажратилган маблағнинг мақсадли ишлатилиши устидан назорат ўрнатиши белгиланган.
Аввалроқ эндокринология маркази филиаллари учун 3,5 миллион доллар ажратилгани хабар қилинганди.






