Zoom бепул версия фойдаланувчиларига реклама кўрсатишни бошлайди
Тест режимидаги рекламалар кўрсатиладиган давлатлар орасида Ўзбекистон бор-йўқлиги аниқ эмас

Zoom видеоконференцалоқа хизмати энди илованинг бепул версиясидан фойдаланувчиларга реклама кўрсатишни бошлайди. Бу ҳақда компания веб-сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, эълонлар фақат қўнғироқ тугаганидан сўнг хизматнинг браузер версиясида пайдо бўлади. Агар конференция ташкилотчиси бепул тизим фойдаланувчиси бўлса, рекламалар кўрсатилади.
Компания маълумотларига кўра, бу илованинг ривожланишини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Zoom учрашув, вебинар ёки чат маълумотларидан маркетинг мақсадларида фойдаланиш ниятида эмаслигини маълум қилди. Тест режимидаги рекламалар қатор мамлакатларда намойиш этилади, бироқ улар орасида Ўзбекистон бор-йўқлиги ҳозирча аниқ эмас.
Маълумот учун, Zoom’нинг оммалашиши 2020 йил бошида коронавирус пандемияси даврида кескин ошди. 2020 йил апрелига келиб, ҳар куни 300 миллиондан ортиқ одам ушбу хизматдан фойдаланиши маълум бўлди.
Аввалроқ Telegram мессенжердаги каналларга расмий рекламалар юборишни бошлаши маълум бўлганди.






