Россияда ҳам битта фуқарога ажратиладиган банк карталари сони чекланмоқда
Чекловлар киритиш ғояси Россия Марказий банкига тегишли. Январ ойида Ўзбекистон Марказий банки битта фуқарога ажратиладиган карталар сонини 20 тагача чеклаганди.

2025 йилнинг кузида Россия фуқаролари бир шахс номига расмийлаштирилган 20 дан ортиқ банк карталарига эга бўла олмайди.
Банк карталари сонига жами иккита лимит белгиланган ва бунда:
- битта банкда 5 тагача карта;
- турли банкларда — 20 тагача карта.
Чекловлар киритиш ғояси Россия Марказий банкига тегишли. Давлат думасининг молия бозори қўмитаси раиси Анатолий Аксаковнинг таъкидлашича, бу чора фирибгарларга қарши курашишга ёрдам беради.
Унинг айтишича, товламачи шахслар россияликларга қўнғироқ қилиб, янги банк картаси очишни ва унинг маълумотларини телефон орқали айтиб беришни сўрамоқда. Кейин жиноятчилар бу карталардан илгари ўғирланган пулларни ювиш учун фойдаланмоқда.
Манба маълумотига кўра, чекловлар кузда кучга киради. Аниқ қачонлиги номаълум. 2025 йил июнь ойида ташаббусни қуйи палатага киритиш режалаштирилмоқда. ОАВ хабар беришича, «уни қабул қилиш учун кўп вақт талаб этилмайди».
Март ойида Россия Марказий банк раиси Элвира Набиуллина бир кишига расмийлаштирилиши мумкин бўлган карталар сонини чеклаш масаласини кўриб чиқилаётганини маълум қилганди.
«Биз бир кишига расмийлаштирилиши мумкин бўлган карталар сонига чеклов қўйиш масаласини муҳокама қилмоқдамиз. Бу чекловлар оддий фуқароларга таъсир кўрсатмайди, чунки оддий фуқаролар юзлаб, ҳатто минглаб карта очмайдилар,» — деди Набиуллина.
Набиуллинанинг айтишича, оддий одамга турли банкларнинг шунча кўп карталари керак эмас.
«Шунинг учун чегара ўрнатиш керак — айтайлик, битта банкда бештага қадар, бир нечта банкда эса 20 тагача карта. Бу кўламни камайтиради», — деди Набиуллина.
Регулятор раҳбарининг қўшимча қилишича, бу ҳалол фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳеч қандай тарзда чекламайди, яъни уларнинг барча эҳтиёжлари ҳисобга олинади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь ойида Ўзбекистон Марказий банки битта фуқарога ажратиладиган карталар сонини 20 тагача чеклаганди. Мазкур тартиб 2025 йилнинг 1 январидан 31 декабригача амал қилади.



