
Электрон солиқ ҳужжатларини Face-ID ёрдамида ҳам тасдиқлаш мумкин бўлади
Шунингдек, солиқ тўловчининг қарзи бўлмаган тақдирда, у солиқ органига ёзма ёки электрон ариза билан мурожаат қилиши мумкин, ҳисоб-китоблар уч иш куни (ҳозирда 15) ичида амалга оширилади.

Сенатнинг 28 май кунги ялпи мажлисида “Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб маъқулланди. Унда бир қатор ўзгаришлар кўзда тутилган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ суммаси бюджетдан қайтарилар ёки фақат ушбу солиқ бўйича келгуси тўловлар учун ҳисобга олиниши мумкин эди.
Киритилаётган ўзгартиришга асосан энди ортиқча тўланган солиқ суммаларини нафақат худди шу солиқ, балки бошқа солиқлар бўйича ҳам келгусидаги мажбуриятларга нисбатан қўллаш мумкин бўлади.
Солиқ тўловчининг қарзи бўлмаган тақдирда, у солиқ органига ёзма ёки электрон ариза билан мурожаат қилиши мумкин, ҳисоб-китоблар уч иш куни (ҳозирда 15) ичида амалга оширилади.
Шунингдек, электрон солиқ ҳужжатларини биометрик идентификациядан фойдаланган ҳолда – юз (Face-ID) ёки бармоқ изи орқали тасдиқлаш имкони ҳам пайдо бўлади. Ҳозирда бу электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида амалга оширилади.
ЭРИ калити сертификатини бериш учун тадбиркорлик субъектларидан базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 10 фоизи, жисмоний шахслардан эса 7 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Бу эса ўз навбатида солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини бажаришдаги сарф-харажатларининг ошишига сабаб бўляпти.
Чернобил АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этган фуқаролар ер солиғини тўлашдан озод этилганди. Қонунчиликдаги нормаларни мувофиқлаштириш мақсадида ушбу тоифадаги фуқаролар даромад солиғидан ҳам озод этилиши белгиланяпти.




