Ўзбекистонда кибержиноятчилар фуқаролардан 603 млрд сўм ўғирлади
Кибержиноятларнинг 98 фоизи банк карталари орқали содир этилган. Жиноятчилар асосан банк картаси ёки мобил илова бошқарувини қўлга киритиш учун зарарли ҳаволалар ва дастурлар юборади.
2024 йилда Ўзбекистонда кибержиноятлар сони 9,1 баробарга ошган. Бу ҳақда 29 май куни ИИВ Кибержиноятлар марказида ташкил этилган пресс-турда маълум қилинди.
Сўнгги беш йилда жисмоний ва юридик шахсларнинг киберҳуқуқбузарликлар бўйича мурожаатлари 34 баравар, кибержиноятлар сони эса 68 баравардан ортиққа кўпайган. 2019 йилда ахборот технологиялари орқали 18 турдаги 863 та кибержиноят содир этилган бўлса, ўтган йили 62 турдаги 58 800 та жиноят қайд этилган.
Кибержиноятчилар охирги уч йилда фуқароларнинг 1,9 трлн сўмдан ортиқ маблағини талон-тарож қилган. Ўтган йилнинг ўзида эса бу 603 млрд сўмни ташкил этган.
«Умумий жиноятчиликда кибержиноят улушининг сезиларли даражада ортаётгани уларнинг олдини олиш заруратини янада долзарблаштирмоқда», — дея қайд этилди марказда.
2023 йилда кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши 6,2 фоизни ташкил этди, 2024 йилда эса бу 44,4 фоизга етди. Деярли ҳар иккита жиноятнинг биттаси ахборот технологиялари орқали содир этилган.
Таҳлиллар банк карталари билан боғлиқ ўғирлик ва фирибгарлик ҳолатлари кундан-кунга авж олаётганини кўрсатмоқда. Кибержиноятларнинг асосий қисми — 98 фоизи айнан банк карталари орқали амалга оширилган. Жиноятлар қуйидаги усулларда содир этилмоқда:
- 60 фоизи зарарли ҳаволалар ва дастурлар юбориш орқали банк картаси ёки мобил қурилма бошқарувини қўлга киритиш;
- 16 фоизи турли алдовлар билан карта ва илова аккаунтлари бошқарувини тасдиқловчи SMS-кодни қўлга киритиш орқали;
- 4 фоизи фуқаро номига онлайн кредит расмийлаштириш;
- 11 фоизи онлайн савдо платформаларидаги фирибгарликлар;
- 9 фоизи турли усулдаги фирибгарлик схемалари орқали фуқароларнинг пул маблағларини жалб қилиш тарзида.
Кибержиноятлар маркази АКТнинг кенгайиши ва реал вақт режимида ахборот олиш имкониятининг ошиши шароитида кибержиноятлар мураккаб трансмиллий муаммога айланиб бораётганини қайд этди.
Уларнинг олдини олиш учун эса фуқароларнинг кибертаҳдидлардан огоҳлини ва рақамли саводхонлигини ошириш керак, дея хулоса қилинди
