Ўзбекистонда 2026 йилдан электрон ҳисоб-фактуралар хавфини баҳолаш тизими ишга туширилади
Тизим Халқаро валюта жамғармаси экспертлари, жумладан, ХВЖнинг Солиқ қўмитасидаги маслаҳатчиси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб реал вақт режимида электрон ҳисоб-фактуралар (ЭҲФ) хавфини автоматик баҳолаш тизими ишга тушади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, бу президентнинг 4 сентябрдаги фармонида назарда тутилган. Тизим Халқаро валюта жамғармаси экспертлари, жумладан, ХВЖнинг Солиқ қўмитасидаги маслаҳатчиси Георгий Канделаки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Унинг доирасида ҳар бир яратилаётган электрон ҳисоб-фактура дастлабки босқичдаёқ таҳлил қилиниб, хавф даражаси белгиланади: ЭҲФни расмийлаштиришда қонунбузарлик эҳтимоли юқори бўлса — қизил, паст бўлса — яшил мақом берилади. Етказиб берувчининг мақоми харидорга кўрсатилади, бу эса ҳамкорни танлашда битимнинг эҳтимолий солиқ оқибатларини олдиндан баҳолаш имконини беради.
Ҳозирда тизим қонунбузарларга нисбатан чоралар қўлланилмасдан синов тартибида ишламоқда. Июль ойидан бери Солиқ қўмитаси янги тизим ёрдамида аниқланаётган ЭҲФни расмийлаштиришдаги жиддий хатолар ва солиқ қонунчилиги бузилиши ҳолатларини эълон қилиб келмоқда.
Идора солиқ бошқарувини рақамлаштириш ва иқтисодиётдаги яширин операцияларни, жумладан, ҚҚСни ноқонуний ҳисобга олиш учун «бир кунлик» фирмалар, сохта битимлар ва қалбаки ҳужжатлардан фойдаланишни камайтиришни мақсад қилган.
ЭҲФни ўрганиш натижаларига кўра, 27 та солиқ тўловчи июль—сентябрь ойларида иқтисодий мазмунига мос келмайдиган операцияларни амалга оширгани аниқланди. 281 та корхонага расмийлаштирилган ЭҲФлар суммаси 5,9 трлн сўмни ташкил этиб, шундан 706 млрд сўм ҚҚС ҳисобга олиш учун қабул қилинди.
ЭҲФнинг хавф даражасини баҳолаш 48 та мезон асосида амалга оширилади. Солиқ қўмитаси бу мезонлар рўйхатини четлаб ўтиш ҳолатларига йўл қўймаслик учун халқаро экспертлар тавсиясига кўра ошкор қилмайди. Тизим доирасида 71 та вазирлик ва давлат идоралари маълумотлари бирлаштирилган.
ҚҚС бошқаруви департаменти директори ўринбосари Ҳикматилла Қодиров ЭҲФ хавфини баҳолашнинг учта асосий мезонини санаб ўтди:
- солиқларни тўлаш тарихи;
- таъсисчилар томонидан солиқ мажбуриятларининг бажарилиши;
- сотилган маҳсулот бўйича даромад манбаининг мавжудлиги.
ЭҲФ қизил мақомдан чиқиши учун сотувчи ёки харидор ҚҚС суммасини тўлиқ тўлаши лозим. Шундан сўнг ҳисоб-фактура яшил мақомга ўтади.





