Ўзбекистонликлар кредитни асосан нима мақсадда олаётгани очиқланди
Банклардаги жами кредит қолдиғи 613,7 трлн сўмга етди. Бу бир йил олдингидан 73,7 трлн сўмга кўп.
Аҳоли ва бизнес банклардан турли мақсадларда фоизли қарзлар олмоқда. Марказий банк таҳлилида жисмоний шахсларга уй-жой хариди учун кўпроқ кредит берилгани очиқланган. Тадбиркорликда эса саноат тармоғига ажратилган қарзлар улуши юқори.
Халқ ва тадбиркор қанча қарздор?
2026 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон банкларидаги жами кредит қолдиғи 613,7 трлн сўмга етди. Бу бир йил олдингидан 73,7 трлн сўмга кўп.
Бир йил ичида аҳоли қарзлари тадбиркорларникига нисбатан тезроқ ўсган. Хусусан, фоизли қарзларнинг 223,9 трлн сўмини аҳоли олган. Мазкур кўрсаткич 2025 йил 1 мартдагидан 41,2 трлн сўмга ошган. Ўз навбатида 389,7 трлн сўм қарздорлик корхоналар зиммасида (йиллик ўсиш 32,4 трлн сўм).
Ажратилган қарзларнинг катта улуши давлат банкларига тегишли — 410,4 трлн сўм (йиллик ўсиш 40 трлн сўм). Бошқа банклар эса жами 203,3 трлн сўм (ўсиш 32 трлн сўм) кредит берган. Давлат банкларидан Ўзмиллийбанк (106,6 трлн сўм), хусусий банклардан Kapitalbank (36,6 трлн сўм) энг кўп қарз ажратган.
Энг катта қарзлар уй олиш учун
Жорий йил 1 март ҳолатига кўра, аҳоли энг кўп кредитни уй хариди учун олган — 81,2 трлн сўм. Бу 2025 йил 1 мартдагидан 11,6 трлн сўмга кўп. Ўз навбатида 49,2 трлн сўм микроқарзлар ажратилган (бир йилда 3,4 трлн сўм кўпайган). Микрокредитлар миқдори эса 42 трлн сўмни ташкил этган. Бир йил илгари мазкур турдаги қарз бўйича рақамлар келтирилмаган.
Автомобилларни кредитга олиш учун банклардан жами 39,2 трлн сўм қарз “кўтарилган”. Бундан фарқли ўлароқ, 2025 йил 1 мартда автокредит олингани қайд этилмаган. Бу Марказий банк томонидан мазкур турдаги қарзлар бўйича вақтинча қўлланган қатъий чоралар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ ўтган йилнинг баҳоригача аҳоли томонидан автокредит ўрнига 39,8 трлн сўм истеъмол кредитлари олинган. Яъни автокредит ўрнини вақтинчага истеъмол кредитлари эгаллаган. Жорий йил мартида эса истеъмол кредитлари қолдиғи 489 млрд сўмни ташкил этган.
Ўз навбатида фуқароларга 6,9 трлн сўм таълим учун, 4,8 трлн сўм бош мақсадларга кредитлар ажратилган.
Бизнес учун олинган қарзлар
Жорий йил 1 мартгача тадбиркорлик субъектлари томонидан энг кўп кредитлар саноат тармоғи учун жалб қилинган — 140,8 трлн сўм. Бу бир йил олдингидан 13,5 трлн сўмга кам.
Фоизли қарзларнинг яна бир йирик улуши қишлоқ хўжалиги соҳасига ажратилган — 62,1 трлн сўм. Мазкур кўрсаткич 2025 йил мартидагидан 12,2 трлн сўмга кўп.
Ўз навбатида савдо ва умумий хизмат тармоғи 44,7 трлн сўм, Транспорт ва коммуникация 32,9 трлн сўм, қурилиш 20 трлн сўм кредит олган.
Маълумот учун, банклар 2025 йилда аҳоли ва бизнесга жами 390 трлн сўм кредит ажратган. Бунда берилган фоизли қарзлар миқдори 2024 йилдагига (287,2 трлн сўм) нисбатан қарийб 36 фоизга ошган.
