Ўзбекистонда пенсия миқдори қандай ҳисобланади?
Ёшга доир ва ногиронлик пенсияларининг тайинланиш тартиби ҳамда маблағ қандай ҳисоблаб чиқилишини мураккаб қоидаларсиз, оддий тилда ҳамда ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирамиз.
Ёшга доир пенсия қандай ҳисобланади?
Ёшга доир пенсия эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда тайинланади. Шунингдек, камида 7 йил иш стажи мавжуд бўлса, бор стажга мутаносиб миқдорда тўлиқсиз ёшга доир пенсия берилади. Агар 7 йиллик стаж ҳам бўлмаса, фуқарога ёшга доир нафақа ажратилади (эркакларга 65 ёшда, аёлларга 60 ёшда).
Ўзбекистонда пенсия миқдори қуйидаги формула асосида ҳисобланади: П = ПТМ+ОС+ПУ.
Бунда ПТМ – пенсиянинг таянч миқдори (ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи), ОС – ортиқча иш стажи учун пенсиянинг оширилиши, ПУ – қўшимча устама ҳақлари.
Эслатма: ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашда фуқаронинг сўнгги 10 йиллик меҳнат фаолиятидаги энг яхши кетма-кет 5 йиллик иш ҳақи инобатга олинади. Бунда пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг (2025 йил 1 июлдан бошлаб – 471 минг сўм) 12 каррасидан (5 млн 652 минг сўмдан) юқори иш ҳақи инобатга олинмайди. Аввалги йиллардаги иш ҳақи ойликларнинг ошиш коэффициентини инобатга олган ҳолда индексацияланади, яъни бугунги кундаги қиймати ҳисобланади.
Масалан, шартли Дилмурод Давлатов 32 йилдан бери Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги мактабда ўқитувчилик қилади. У 1 май куни пенсия ёшига тўлади. Ўтган даврдаги энг яхши қаторасига 5 йиллик ўртача ойлик иш ҳақи 4 млн сўмга тенг. Бу маош максимал чегара бўлган 5 млн 652 минг сўмдан ошмайди, шунинг учун ҳисоблашда тўлиқ олинади.
Пенсиянинг таянч миқдори – 4 млн сўмнинг 55 фоизи = 2 млн 200 минг сўм;
Талаб қилингандан ортиқча иш стажи – 7 йил (умумий 32 йил – талаб қилинган 25 йил)нинг ҳар бир йили учун 1 фоиздан 7 фоиз иш стажи учун пенсия миқдори оширилади: 4 млн сўмнинг 7 фоизи = 280 минг сўм.
Жами пенсия миқдори: 2 млн 200 минг сўм + 280 минг сўм = 2 млн 480 минг сўм.
Шартли Мавлуда Алиева ҳам 35 йилдан бери мактабда ишлайди. Дарс соатлари кўплиги ва қўшимча устама пуллари борлиги учун унинг ойлиги баландроқ. Энг юқори маошга ишлаган кетма-кет 5 йилликдаги ўртача ойлик даромади 8 млн сўмни ташкил этади. Аммо пенсия ҳисоблашда 8 млн сўм эмас, балки базавий максимал миқдор – 5 млн 652 минг сўм чегара сифатида олинади.
Мавлуда Алиева 20 йил эмас, 35 йил ишлаган. Яъни унда талаб қилинганидан 15 йил ортиқча иш стажи бор. Шунингдек, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи» фахрий унвонига эга. Бунда пенсия миқдори қуйидагича ҳисобланади:
Пенсиянинг таянч миқдори ва қўшимча иш стажи – 5 млн 652 сўмнинг 70 фоизи = 3 млн 956 минг 400 сўм;
«Ўзбекистонда хизмат кўрсатган…» фахрий унвонлари эгаларига ҳар ойлик пенсия устига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,6 баробари миқдорида кафолатланган устама тўланади. Айни пайтда БҲМ 412 000 сўмни ташкил этади ва устама миқдори 659 минг 200 сўмга тенг бўлади.
Мавлуда Алиеванинг жами пенсия миқдори: 3 млн 956,4 минг сўм + 659,2 минг сўм = 4 млн 615,6 минг сўм.
Ногиронлик пенсияси қандай тайинланади?
Ногиронлик пенсияси қонунчиликда белгиланган тартибда I ва II гуруҳ ногиронлиги белгиланган шахсларга берилади. Бунда ногиронлик белгиланган вақтда қуйидагича иш стажига эга бўлиш талаб этилади:
- 23 ёшга қадар – 2 йил;
- 23 ёшдан 26 ёшга қадар – 3 йил;
- 26 ёшдан 31 ёшга қадар – 5 йил;
- 31 ёшдан 36 ёшга қадар – 7 йил;
- 36 ёшдан 41 ёшга қадар – 9 йил;
- 41 ёшдан 46 ёшга қадар – 11 йил;
- 46 ёшдан 51 ёшга қадар – 14 йил;
- 51 ёшдан 56 ёшга қадар – 17 йил;
- 56 ёш ва ундан ошганда – 20 йил.
Иш стажи умуман бўлмаса, пенсия ўрнига ногиронлик нафақаси тайинланади. Ногиронлик пенсияси ҳам ўртача иш ҳақига қараб ҳисобланади ва 55 фоизи миқдорида белгиланади. Агар фуқаронинг ҳақиқий стажи унинг ёшига доир талаб қилинган минимал стаждан кўп бўлса, ошган йиллар учун 1 фоиздан қўшиб борилади. Муҳим қоида шуки, агар ҳисоб-китоб натижасида чиққан сумма қонунчиликдаги энг кам чегарадан паст бўлиб қолса, давлат минимал суммани кафолатлайди.
