Anorbank’ка реклама қонунчилигини бузгани учун жарима қўлланди
Қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Рақобат қўмитаси Anorbank томонидан Instagram ижтимоий тармоғида жойлаштирилган реклама юзасидан келиб тушган мурожаатни ўрганди. Текширув натижасида банкка нисбатан молиявий жарима қўлланди.
Қўмита маълумотларига кўра, Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Anorbank томонидан акция доирасида эълон қилинган рекламаларда унинг шартлари тўлиқ кўрсатилмаганидан шикоят қилган.
Ўрганиш давомида рекламада молиявий хизмат кўрсатиш бўйича шартноманинг муҳим шартларидан бири — акциянинг амал қилиш тартиби, унга белгиланган лимит ҳамда лимитдан ошган ҳолатларда ундириладиган комиссия ҳақида маълумотлар берилмагани аниқланган.
Рақобат қўмитаси махсус комиссияси ҳолат юзасидан «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16, 21 ва 43-моддалари талаблари бузилиши аломатлари бўйича Anorbank’ка нисбатан иш қўзғатган.
Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича банкка молиявий жарима қўлланган. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
