Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида фаоллик ошди
Ўсиш ипотека кредитлари ҳажмининг кўпайиши, аҳоли даромадлари ошиши ва қурилиш фаоллиги билан боғлиқ. Бозордаги талаб ортиши фонида уй-жой нархлари ҳам қимматлашган.
Марказий банк 2026 йилнинг I чораги учун «Кўчмас мулк бозори таҳлили»ни эълон қилди. Унда иқтисодий фаоллик, уй-жойга талаб юқорилиги ва ипотека кредитлари ҳажмининг ошиши фонида бозорда сезиларли жонланиш кузатилгани қайд этилди.
Таҳлилга кўра, январь—март ойларида кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 110,1 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48,4 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш Тошкент шаҳри (64 фоиз), Сирдарё (67 фоиз), Андижон (56 фоиз) ва Навоий (52 фоиз) вилоятларида кузатилди.
Март ойида битимлар сонининг кескин кўпайиши 1 апрелдан кўчмас мулк олди-сотди жараёнларида янги эскроу тизими жорий этилиши билан боғлиқ бўлган. Бозор иштирокчилари янги тартиб кучга киришидан олдин шартномаларни фаол расмийлаштирган.
Шунингдек, 2026 йилнинг I чорагида ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 5,7 трлн сўмга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга кўп. Аҳолининг реал даромадлари эса 7,8 фоизга ошгани уй-жойга талабни қўллаб-қувватлаган.
Қурилиш соҳасида ҳам ўсиш қайд этилди. I чорак якунига кўра, фойдаланишга топширилган уй-жойларнинг умумий майдони 3,3 млн квадрат метрни ташкил қилиб, йиллик ҳисобда 6,6 фоизга ошди. Ўсиш асосан якка тартибдаги уй-жойлар сегменти ҳисобига шаклланган.
Бозордаги юқори фаоллик нархларга ҳам таъсир кўрсатди. Март ойида бирламчи бозорда уй-жой нархлари сўмда 1,8 фоизга, доллар ҳисобида 8,1 фоизга ошди. Иккиламчи бозорда эса нархлар мос равишда 3 фоиз ва 9,4 фоизга қимматлашди.
