Ўзбекистонда ипотека облигациялари бўйича биринчи биржа битими амалга оширилди
Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 8 июль куни 40,56 млрд сўмлик ипотека облигациялари бўйича битим амалга оширилди. У ёпиқ обуна шаклида АТ «Халқ банк» иштирокида ўтказилди.
Ўзбекистон капитал бозорида янги молиявий инструмент — ипотека облигациялари муомалага киритилди. Мамлакатда ушбу турдаги қимматли қоғозлар билан илк биржа битими амалга оширилди, деб хабар берди «Тошкент» республика фонд биржаси.
Маълум қилинишича, «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ ҳузуридаги «UMRC SPV» МЧЖ томонидан мамлакат тарихида биринчи марта ипотека облигациялари чиқарилди. Бу Ўзбекистон капитал бозорида ипотека билан таъминланган қимматли қоғозларнинг илк эмиссияси ҳисобланади.
Лойиҳа президентнинг 2025 йил 21 февралдаги «Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Ҳужжатга кўра, махсус ваколатли ташкилот томонидан тижорат банкларининг ипотека кредитлари жамланмаси асосида тажриба тариқасида жами 200 млрд сўмлик ипотека облигацияларини муомалага чиқариш режалаштирилган. Улар «Тошкент» республика фонд биржаси орқали жойлаштирилади ва муомалага киритилади.
Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 2026 йил 8 июль куни 40,56 млрд сўмлик ипотека облигациялари бўйича битим амалга оширилди. У ёпиқ обуна шаклида АТ «Халқ банки» иштирокида ўтказилди.
Фонд биржасига кўра, мазкур битим ипотека облигацияларининг биржа савдоларидаги муомаласига старт берди ва мамлакат капитал бозорида янги молиявий инструментдан фойдаланиш имкониятини яратди.
