Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилганларга ижтимоий солиқ тўлаш мажбурий бўлиши мумкин
Таъкидланишича, фуқароларнинг пенсияга чиқишида стажи етарли бўлишини таъминлаш билан бирга, тўлаган пулларидан Ижтимоий суғурта жамғармасига ажратмалар жорий қилинади.
Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахсларга ижтимоий солиқ тўлашни мажбурий қилиш режалаштирилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов янги тартиб фуқароларни рағбатлантириш учун жорий этилишини айтди. Вазирлик масъули “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида ҳозирда ўзини ўзи банд қилганларнинг 30 фоизи солиқни ўз ихтиёри билан тўлашини таъкидлади.
“Ҳозирда 2,8 миллион нафар ўзини ўзи банд қилган фуқародан 800 мингга яқини ихтиёрий равишда солиқ тўлайди. Пенсия жамғармасига базавий ҳисоблаш миқдорида (ҳозирда 412 минг сўм) тўлов қилса, уларга бир йиллик иш стажи автоматик ҳисобланади. Мана шуни рағбатлантириш мақсадида мажбурий тартибда белгилаш тизимини жорий қилмоқчимиз”, деди вазир ўринбосари.
Отабек Фозилкаримовга кўра, фуқароларнинг пенсияга чиқишида стажи етарли бўлишини таъминлаш билан бирга, тўлаган пулларидан Ижтимоий суғурта жамғармасига ажратмалар жорий қилинади. Янги тизимда келгусида бола парвариши ёки касаллик сабаб нафақа таътилига чиққанларга нафақа олиш имконияти яратилади.
“Давлат раҳбари шу бўйича алоҳида топшириқлар берди, таклифларимизни маъқуллади”, деди вазирлик расмийси.
Ҳозирда Пенсия жамғармаси молиялаштирадиган пенсионерлар сони 4,3 миллион нафардан ошган. Уларга 2026-йилда жами 86 триллион сўм тўлаш белгиланган. Бу жон бошига ойига ўртача 1,66 миллион сўмдан тўғри келади.
Пенсия ҳисоблаш тартиби ўзгартирилади
2026 йил 14 июль куни президент Шавкат Мирзиёевга пенсия тизимига янгилик киритишга оид тақдимот қилинди. Мулоқотда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш борасида таклифлар билдирилган. Амалда пенсия охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги беш йиллик иш ҳақидан ҳисобланади. Шунингдек, иш ҳақининг 6 миллион сўмдан юқори қисми ҳисобга олинмайди. Бу айрим ҳолларда фуқаролар пенсиясининг ўртача миқдори пасайишига олиб келмоқда.
Тақдимотда пенсия ҳисобланадиган иш ҳақи даврини 5 йилдан 20 йилгача узайтириш ҳамда паст даромад олинган айрим даврларни ҳисобдан чиқариш таклиф қилинган. Шу билан бирга, 2027-йилдан бошлаб пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегарасини ҳозирги 6 миллион сўмдан 6,6 миллион сўмга ошириш кўзда тутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, янги тартиб асосида пенсияга чиқадиган фуқароларнинг пенсия миқдори ҳозиргига нисбатан 8 фоизга оширилиши мумкин.
Тақдимотда ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмгача бўлган фуқаро жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига иш ҳақининг 5 фоизини ўтказса, давлат томонидан қўшимча яна 2,5 фоиз миқдорида маблағ ажратилиши белгиланган. Ойлик иш ҳақи 7,6 миллион сўмдан юқори бўлган фуқаролар учун эса тўланган ижтимоий солиқнинг шу миқдордан ошган қисмининг 1 фоизини уларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказиш таклиф этилган.
