Марказий банк банклардан онлайн микроқарзлар бўйича суғурта шартларини очиқлашни талаб қилди
Банклар суғуртанинг мажбурий ёки ихтиёрийлиги, мукофот қандай ундирилиши ҳамда кредит муддатидан олдин ёпилганда суғурта пули қайтарилиш тартибини тушунтириши керак.
Марказий банк тижорат банкларидан онлайн микроқарзлар билан боғлиқ суғурта маҳсулотлари бўйича тушунтириш беришни сўради.
Регулятор томонидан банкарга чиқарилган хатда ижтимоий тармоқларда онлайн микроқарз ажратишда суғурта полиси учун суғурта мукофоти мижоз ёки ажратилаётган микроқарз ҳисобидан ушлаб қолиниши билан боғлиқ хабарлар ўрганилаётгани маълум қилинган.
Хабарларда кредит муддатидан олдин тўлиқ сўндирилганда суғурта шартномасининг фойдаланилмаган даври учун суғурта мукофотининг тегишли қисми мижозларга қайтарилмаслиги ёки уни қайтариш тартиби етарли даражада содда ва тушунарли эмаслиги айтилган.
Ижтимоий тармоқларда онлайн микроқарз муддатидан олдин тўлиқ сўндирилганда суғурта мукофотининг фойдаланилмаган қисми мижозларга автоматик қайтарилмаётгани, бунинг ўрнига фуқаролар банк ёки суғурта компаниясига алоҳида мурожаат қилишга мажбур бўлаётгани танқид қилинган эди. Банклар бундай тўловларни инсон омилисиз, автоматик тарзда қайтариш тизимини жорий этишга чақирилган.
Ушбу мурожаатдан кейин Марказий банк онлайн микроқарзлар ва бошқа чакана кредитлар билан боғлиқ суғурта маҳсулотларини таклиф этаётган банклар ушбу масала бўйича ўз расмий позициясини эълон қилиши лозимлигини билдирди.
Унга кўра, банклар ўз расмий сайти, мобил иловаси, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва бошқа расмий ахборот каналлари орқали қуйидагиларни истеъмолчиларга тушунтириши лозим:
- онлайн микроқарз ажратишда суғурта маҳсулоти таклиф этилиши ёки этилмаслиги;
- агар таклиф этилса, у мижоз учун ихтиёрийми ёки кредит ажратишнинг мажбурий шарти ҳисобланадими;
- суғурта мукофоти қайси манба ҳисобидан тўланиши (мижоз ҳисобварағидан, кредит суммасидан ёки бошқа манбадан);
- суғурта маҳсулотини тақдим этаётган суғурта ташкилотлари рўйхати;
- банк ушбу жараёнда кредитор, суғурта агенти ёки техник ахборот канали сифатида иштирок этаётгани;
- кредит муддатидан олдин тўлиқ сўндирилганда суғурта шартномасининг фойдаланилмаган даври учун суғурта мукофоти қайтарилиши ёки қайтарилмаслиги;
- агар қайтарилса, бу автоматик амалга ошириладими ёки мижоз банк ёки суғурта ташкилотига мурожаат қилиши керакми, мурожаат қандай тартибда юборилиши;
- суғурта мукофотини қайтариш муддати ва зарур ҳужжатлар;
- ушбу йўналишда камчиликлар мавжуд бўлса, уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар.
Шунингдек, агар ижтимоий тармоқларда тилга олинган ҳолатлар банк амалиётида кузатилмаган бўлса, банклар буни асосли равишда рад этиши ва амалдаги тартибни истеъмолчиларга содда тилда тушунтириши мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.
Агар кредит ажратиш билан боғлиқ суғурта мукофотини қайтариш жараёнида мижозлар учун ноқулайликлар, тушунмовчиликлар ёки техник чекловлар мавжуд бўлса, банклар бу ҳолатларни тан олиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар ва муддатларни очиқ эълон қилиши лозим.
Марказий банк банклар томонидан эълон қилинадиган ахборот умумий хабар ёки мавҳум раддия шаклида эмас, балки истеъмолчилар учун амалий аҳамиятга эга бўлган аниқ тушунтириш шаклида бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Банклардан амалга оширилган ишлар, эълон қилинган ахборот ва маълумотлар ҳаволалари ҳамда мижозларга берилган тушунтиришлар ҳақида жорий йил 16 июлга қадар Марказий банкка маълумот тақдим этиш сўралган.
