Тошкентда жазирама сабаб электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар бўлиши мумкин
«Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали юқори ҳарорат туфайли электр тармоқларига юклама кескин ортиши кутилгани, шу сабабли пойтахтнинг айрим ҳудудларида қисқа муддатли узилишлар юзага келиши мумкинлигини маълум қилди.
«Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиали республикада кузатилаётган жазирама об-ҳаво шароитида электр энергияси истеъмоли кескин ортиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, юқори юклама натижасида Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида қисқа муддатли электр таъминотидаги узилишлар ва авариявий ўчиришлар кузатилиши мумкин.
Филиал билдиришича, электр тармоқлари ва ускуналарининг барқарор ишлашини таъминлаш, юзага келиши мумкин бўлган носозликларни тезкор бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Ташкилот аҳолини электр энергиясидан оқилона ва тежамкор фойдаланишга ҳамда юзага келиши мумкин бўлган вақтинчалик ноқулайликларга тушуниш билан ёндашишга чақирди.
