Ўзбекистонда 20 дан ортиқ банк ва микромолия ташкилоти жаримага тортилди
Текширувларда ушбу банклар кредит ва омонатлар шартларини тўлиқ очиқламагани ҳамда истеъмолчиларни чалғитувчи рекламалардан фойдалангани аниқланган.
Рақобат қўмитаси 20 дан ортиқ банк ва микромолия ташкилотига реклама қонунчилиги талабларини бузганлик учун молиявий жарималар қўллади.
Ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, ОАВ, сайтлар ва ижтимоий тармоқларда истеъмолчиларни чалғитувчи ёки нотўғри маълумотларни ўз ичига олган рекламалар ҳали ҳам учраётгани аниқланди. Бундай қоидабузарликларнинг асосий қисми молиявий хизматлар рекламаси ҳиссасига тўғри келган.
Ўрганишлар давомида айрим рекламаларда омонатлар ва кредитлар бўйича фоиз ставкалари, амал қилиш муддати, минимал талаблар, қўшимча тўловлар, микроқарз шартлари, воситачилик ёки суғурта тўловлари каби муҳим маълумотлар умуман келтирилмагани ёки жуда қисқа, ноаниқ ва истеъмолчи учун тушунарсиз тарзда берилгани аниқланган.
Шунингдек, айрим рекламаларда икки маъноли иборалар қўлланиши, хизмат шартларининг бўрттириб кўрсатилиши ҳамда бошқа ташкилотлар номи ва товар белгиларига оид калит сўзлардан фойдаланиш орқали истеъмолчиларни чалғитиш ҳолатлари кузатилган.
«Бу эса истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) тўғрисида тўғри, тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлмоқда», дейилади хабарда.
Рақобат қўмитаси молиявий хизматлар рекламаларида маълумотлар аниқ, тўлиқ ва истеъмолчилар учун осон ўқиладиган шаклда тақдим этилиши, муҳим шартлар майда шрифт ёки яширин матнда берилмаслиги лозимлигини эслатди. Қўмита бундай қоидабузарликлар аниқланса, қонунчиликка мувофиқ молиявий санкциялар қўлланилишини маълум қилди.
