Ўзбекистонда эҳтиёжманд шахс ва оилаларни аниқлаш тартиби белгиланади
Сенат томонидан маъқулланган қонун ижтимоий хизматлар ва ёрдам турлари, уларни кўрсатиш тартиби, ижтимоий ходим мақоми ҳамда эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш тизимини тартибга солади.
Олий Мажлис Сенатининг 17-ялпи мажлисида «Ижтимоий иш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Ҳужжат аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш тизимини тартибга солишга қаратилган.
Қонунга кўра, ижтимоий иш тиббиёт, таълим, ижтимоий ҳимоя, бандлик, суд ва ҳуқуқ-тартибот ҳамда жазони ижро этиш соҳаларида ташкил этилади. Ижтимоий иш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги белгиланмоқда.
Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамаси, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари белгиланади. Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТлар, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларнинг ижтимоий иш жараёнларида иштирок этиши мустаҳкамланади.
Қонунда ижтимоий хизматлар ва ёрдам турлари, уларни кўрсатиш тартиби, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахс ёки оилани аниқлаш мезонлари ҳам белгиланган. Бундан ташқари, ижтимоий хизматларни молиялаштириш манбалари, ижтимоий ходимнинг мақоми, унинг ижтимоий ҳимояси ва фаолиятига доир чекловлар каби масалалар тартибга солинади.
Сенаторларга кўра, қонун ижтимоий иш соҳасида ягона тизим шаклланишига, эҳтиёжманд аҳоли қатламларига хизмат кўрсатиш сифати ошишига ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади. Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
