Ўзбекистонда жазирама туфайли электр истеъмоли рекорд даражага яқинлашиши кутилмоқда
Энергетика объектлари ва ёқилғи инфратузилмасида ёнғин ҳамда саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан кучайтирилган ўрганишлар ва назорат рейдлари ўтказилади.
Энергетика вазирлиги маълум қилишича, кутилган юқори ҳарорат фонида мамлакат бўйича суткалик электр энергияси истеъмоли 280 млн кВт·соатга, максимал юклама эса 13–13,3 ГВтгача етиши мумкин.
Шу муносабат билан энергетика тизими объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш, электр тармоқлари ва подстанцияларда авариявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар белгиланди. Йиғилишда Тошкент шаҳридаги айрим подстанцияларда кузатилган носозликлар танқидий муҳокама қилиниб, камчиликларга йўл қўйган айрим раҳбарлар лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, ёнғин ва портлаш хавфини камайтириш мақсадида ҳаво ҳарорати юқори бўлган вақтларда суюлтирилган газни ортиш-тушириш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш белгиланди. Энергетика объектлари ва ёқилғи инфратузилмасида ёнғин ҳамда саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан кучайтирилган ўрганишлар ва назорат рейдлари ўтказилади.
