«E-lom» электрон платформаси 1 августдан ишга туширилади
Ҳукумат ҳузурида қора металлургия соҳасида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ва нарх барқарорлигини назорат қилиш учун алоҳида лойиҳа офиси ташкил этилади.
Ўзбекистонда қора металл айланмасини тўлиқ назорат қилиш учун 1 августдан «E-lom» электрон платформаси ишга туширилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қора металлургия саноатини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Tаъкидланишича, бугунги кунда Бекобод металлургия комбинати ҳар йили 700 минг тонна қора металлолом қабул қилаётган бўлса, яна қарийб 500 минг тонна металлолом хуфиёна айланмада қолмоқда. Шу боис қора металл айланмаси билан боғлиқ барча жараёнлар «E-lom» платформаси орқали реал вақт режимида мониторинг қилинади.
Шунингдек, Ҳукумат ҳузурида қора металлургия соҳасида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш ва нарх барқарорлигини назорат қилиш учун алоҳида лойиҳа офиси ташкил этилади. У бозорни кунлик таҳлил қилади, хомашё ва тайёр маҳсулотга талаб ҳамда таклифни шакллантиради, шунингдек, металл маҳсулотлари учун рақамли паспорт тизимини юритади.
Президент мутасаддиларга бир ой ичида лойиҳа офиси фаолиятини йўлга қўйиш ва 1 августдан «E-lom» платформасини тўлиқ ишга тушириш бўйича топшириқ берди.
