Марказий банк июнь ойида 21 та банкни жаримага тортди

15:06 · 20.07.2026

2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,1 фоизга ўсиши кутилмоқда

11:36 · 20.07.2026

Уй-жой ва коммунал соҳа рақамлашмоқда: Инвестициялар ва янги тизимлар самараси

10:41 · 20.07.2026

Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун имзоланди. Тафсилотлар

8:58 · 20.07.2026

Дам олиш кунлари қайси банклар ишлайди?

10:00 · 18.07.2026

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида нарх-наво энг тез ошаётгани маълум бўлди

17:28 · 17.07.2026

Валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларига ўзгартириш киритилди

11:35 · 17.07.2026

ХВЖ Ўзбекистон валюта курси режимини “сузиб юрувчи” деб таснифлади. Бу нимани англатади?

10:26 · 17.07.2026

Энди нотурар объектлардан тушадиган ер ва мулк солиғининг 5 фоизи маҳалланинг ўзига берилади

9:18 · 17.07.2026

ЯИДХПда ўз номига расмийлаштирилган барча рақамлар ва банк карталарини кўриш мумкин бўлади

14:22 · 16.07.2026

Марказий банк сўрови: 61 фоиз иштирокчи қарзларини ўз вақтида қайтаришга қийналмоқда

12:25 · 16.07.2026

Ўзбекистонликлар ўз номига расмийлаштирилган телефон рақам ва банк карталарини текшириши мумкин бўлади

10:45 · 16.07.2026

Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилди

10:05 · 16.07.2026

Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилганларга ижтимоий солиқ тўлаш мажбурий бўлиши мумкин

17:20 · 15.07.2026

Марказий Осиёда энг қиммат бензин Ўзбекистонда сотилмоқда

14:34 · 15.07.2026

Ўзбекистонда 20 дан ортиқ банк ва микромолия ташкилоти жаримага тортилди

12:14 · 15.07.2026

Собиқ давлат хизматчилари учун ишга жойлашишда мажбурий коррупцияга қарши текширув жорий этилади

10:14 · 15.07.2026

Жамғариб бориладиган пенсия тизими ўзгаради

17:01 · 14.07.2026

Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун имзоланди. Тафсилотлар

Марказ ҳудудида махсус ҳуқуқий ва валюта режимлари, алоҳида молиявий регулятор ва мустақил тижорат суди фаолият юритади, иштирокчиларга эса 2076 йилгача солиқ имтиёзлари тақдим этилади.

Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун имзоланди. Тафсилотлар

Ўзбекистон президенти 13 июль куни Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги конституциявий қонунни имзолади. Ҳужжат 1 июлда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 9 июлда Сенат томонидан маъқулланган. Марказнинг дастлабки чегаралари президент томонидан белгиланади. У ўз фаолиятини бошлагач, ҳудудини қисқартиришга йўл қўйилмайди, бироқ чегараларини кенгайтириш ёки уларга аниқлик киритиш мумкин бўлади.

Қонунга кўра, молия маркази деганда нафақат алоҳида ҳудуд, балки унинг фаолияти учун яратилган ҳуқуқий, тартибга солувчи ва институционал тизимлар ҳам тушунилади.

Марказ халқаро молия хизматларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишга кўмаклашиши лозим. Капитал ва қимматли қоғозлар бозорлари, банк, суғурта, исломий ва технологик молия хизматлари, рақамли активлар ҳамда электрон тижорат унинг фаолият йўналишлари сирасига киради.

Кимлар марказ иштирокчиси бўлиши мумкин?

Хорижий ва ўзбекистонлик юридик шахслар, шунингдек, марказнинг ўз қоидалари бўйича ташкил этилган компаниялар унинг иштирокчиси бўлиши мумкин. Иштирокчи деб тан олиш мезонлари ва рўйхатга олиш тартибини молия маркази кенгаши белгилайди. Олдинроқ лойиҳада фақат тўлалигича хорижий шахсларга тегишли бўлган юридик шахсларга иштирокчи бўлишга рухсат берилганди.

Иштирокчилар, ходимлар, инвестициявий солиқ резидентлари ва уларнинг оила аъзоларига Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида тан олинадиган махсус идентификация рақамлари берилади.

Марказда ҳолдинг ва ғазначилик компаниялари, махсус мақсадли ташкилотлар (SPV), бошқарув тузилмалари, фондлар, трастлар ва фидуциар тузилмаларни ташкил этиш мумкин бўлади. Бундай фаолият маъмурият томонидан лицензияланиши ёки рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Шунингдек, марказда юридик, консалтинг, баҳолаш, бухгалтерия ва солиқ хизматлари кўрсатиш, бошқарув консалтинги билан шуғулланиш, технология ва дастурий таъминот ишлаб чиқиш ҳамда финтех хизматларини тақдим этиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, у ерда чакана савдо ва умумий овқатланиш объектлари, меҳмонхоналар, анжуманлар ўтказиладиган майдонлар, таълим, маданият ва соғломлаштириш ташкилотлари фаолият юритиши мумкин бўлади. Бу каби фаолият ҳам маъмурият томонидан лицензияланади ёки рўйхатга олинади.

Банклар, суғурта, биржалар ва рақамли активлар

Иштирокчилар лицензия олгандан сўнг банк, кредит ва инвестиция хизматларини кўрсатиши, активлар, портфеллар ва фондларни бошқариши, брокерлик фаолияти билан шуғулланиши ҳамда ўз номидан ёки агент сифатида операцияларни амалга ошириши мумкин бўлади.

Марказда тижорат, инвестиция ва ислом банклари, инвестиция ва суғурта компаниялари, суғурта брокерлари, пенсия ва хедж-фондлари, трастлар, фидуциар тузилмалар, клиринг ташкилотлари ҳамда депозитарийлар фаолият юритиши мумкин бўлади.

Акциялар, облигациялар, валюта, товарлар, металлар, қимматли қоғозлар ва ҳосилавий воситаларни чиқариш, жойлаштириш ва улар билан савдо қилишга рухсат этилади. Шунингдек, форвард, фьючерс ва опционлар билан боғлиқ операциялар, қисқа муддатли савдолар, маркет мейкинг, лойиҳавий молиялаштириш, жамоавий инвестиция схемалари, краудфандинг, тўлов хизматлари, валюта айирбошлаш, суғурта ва қайта суғурталаш, биржа ва биржадан ташқари савдоларга рухсат этилади.

Иштирокчилар рақамли активларни чиқариши, жойлаштириши, сотиб олиши, сотиши ва сақлаши, ҳосилавий воситалар билан операцияларни амалга ошириши, криптовалюта биржалари ва савдо платформаларини яратиши, кастодиал, клиринг ва депозитар хизматларини кўрсатиши мумкин бўлади.

Айрим фаолият турлари учун Молиявий хизматлар бошқармасининг рухсатномаси талаб этилади. Шунингдек, иштирокчиларга фонд ва рақамли биржалар, савдо тизимлари, клиринг ташкилотлари ва депозитарийларни ўз ичига олувчи молия бозори инфратузилмасига эгалик қилишга ҳам рухсат берилади.

Марказда қандай ҳуқуқий тартиб амал қилади?

Марказда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг алоҳида иерархияси ўрнатилади.

Биринчи навбатда, Ўзбекистон Конституцияси ва конституциявий қонун, сўнгра президентнинг марказни ташкил этиш ва унинг фаолиятига оид фармон ва қарорлари, шунингдек, унинг органларининг ўз ваколатлари доирасидаги қарорлари қўлланади.

Қолган барча ҳолларда Англия ва Уэльс ҳуқуқи ҳамда принциплари, жумладан, умумий ҳуқуқ ва адолат ҳуқуқи қўлланади. Инглиз қонун ҳужжатлари рўйхатини ва уларнинг қўлланадиган таҳририни марказ кенгаши белгилайди.

Актларни шарҳлаш ва ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш учун етакчи молия марказларининг халқаро стандартларидан фойдаланиш мумкин бўлади.

Миллий қонунчилик марказ юрисдикциясига кирмайдиган масалаларда, шунингдек, қонунда ёки унинг органлари қарорларида тўғридан тўғри назарда тутилган ҳолларда амал қилади.

Кенгаш Ўзбекистон қонунчилигини четлаб ўтишнинг олдини олиш мақсадида чекловлар жорий этиши мумкин. Бу чекловлар аниқланган таваккалчиликларга мутаносиб бўлиши шарт ва уларнинг устидан Тошкент халқаро тижорат судига шикоят қилиш мумкин.

Марказ қарорлари ўз ҳудудида уларга зид бўлган миллий ҳужжатларга нисбатан устувор кучга эга бўлади, Конституция, конституциявий қонун ва Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари бундан мустасно.

Лойиҳада Англия ва Уэльс ҳуқуқи, жумладан, қонунчилик ва суд прецедентлари, марказ қонуни ва актларига зид келмайдиган даражада қўлланадиган ҳуқуқ иерархиясига бевосита киритилганди.

Якуний қонунда эса кўпроқ назорат қилинадиган механизм назарда тутилган. Марказ кенгаши Англия ва Уэльс ҳуқуқини қўллаш тўғрисида алоҳида қарор қабул қилиши, аниқ қонунчилик актларини, уларнинг таҳририй санасини ва киритилиши мумкин бўлган ўзгартиришларни белгилаши лозим. Инглиз ҳуқуқи фақат кенгаш томонидан тасдиқланган ҳажмда қўлланади.

Инглиз тили расмий тил бўлади

Марказ органларининг қарорлари кучга киргунга қадар расмий электрон реестрда эълон қилиниши шарт. Агар кечроқ сана кўрсатилмаган бўлса, ҳужжат эълон қилинган кундан эътиборан амал қилади.

Реестрда қарорларнинг дастлабки ва амалдаги матнлари, улар қабул қилинган, кучга кирган ва ўзгартириш киритилган саналар жойлаштирилади.

Марказ ҳужжатлари инглиз тилида қабул қилинади ва эълон қилинади. Улар ўзбек ва бошқа тилларга ҳам таржима қилиниши мумкин, бироқ тафовутлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матнга устуворлик берилади.

Инглиз тили марказнинг расмий тили бўлиб, унинг органлари фаолиятида, ҳужжатларни рўйхатдан ўтказишда ва суд жараёнларида қўлланади.

Қарорларнинг жамоатчилик муҳокамаси

Муҳим қарорларни қабул қилишдан олдин марказ органлари жамоатчилик муҳокамасини ўтказиши, лойиҳани, унинг ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини, маслаҳатлашувлар учун саволларни ҳамда таклифлар бериш муддатини эълон қилиши керак.

Келиб тушган мулоҳазаларни кўриб чиқиш, ҳужжат қабул қилинганидан сўнг эса қайси таклифлар инобатга олинганини тушунтириш лозим.

Шошилинч ҳолларда қарорни олдиндан муҳокама қилмасдан қабул қилиш мумкин, бироқ орган бундай шошилинч қарорни асослаши ва 60 кун ичида маслаҳатлашувлар ўтказиши лозим. Уларнинг якунларига кўра ҳужжатга ўзгартириш киритилиши мумкин.

Муҳим тартибга солувчи қарорлар учун муаммо, муқобил вариантлар, харажатлар, фойда ҳамда марказ ва унинг иштирокчилари рақобатбардошлигига таъсирини акс эттирувчи баҳолаш талаб қилинади.

Мол-мулк ва активларни ҳимоя қилиш

Марказ органлари, унинг иштирокчилари, ходимлари, инвестициявий солиқ резидентлари ва уларнинг оила аъзоларининг маблағлари, активлари, мол-мулки ва мулкий ҳуқуқлари мусодара қилиниши, национализация қилиниши, экспроприация қилиниши, музлатиб қўйилиши ёки уларни тасарруф этиш чекланиши мумкин эмас, муайян белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Бу лойиҳада бўлмаган янги банддир.

Тошкент халқаро тижорат судининг кучга кирган қарорлари асосида, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуроли тарқалишига қарши курашиш чоралари доирасида, санкциялар, тўловга лаёқатсизлик, банкротлик ва марказнинг ўз қарорларига кўра истисноларга йўл қўйилади.

Ҳар қандай аралашув қонуний ва мутаносиб бўлиши лозим ва унинг устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Ушбу кафолатларни марказдан ташқаридаги давлат органларининг ҳужжатлари билан қисқартириш ёки чеклаш мумкин эмас. Бундай ҳужжатлар унинг ҳудудида юридик кучга эга бўлмайди.

2076 йилгача солиқ имтиёзлари

Лойиҳада имтиёзлар муайян хизматлар рўйхатига боғлаб қўйилганди. 2076 йилгача ислом банк иши, қайта суғурталаш, суғурта воситачилиги, инвестиция фондларини бошқариш, брокерлик, дилерлик ва андеррайтинг хизматларидан олинадиган даромадларни фойда солиғи ва ижтимоий солиқдан озод қилиш назарда тутилганди. Рақамли активлар биржалари бу имтиёздан бевосита чиқариб ташланганди.

Якуний қонунда малакали иштирокчи тушунчаси киритилди. Имтиёз кўпроқ ёпиқ хизматлар рўйхатига эмас, балки марказда етарлича иқтисодий иштирок этишга, даромадлар манбаига, корпоратив бошқарувга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш ва киберхавфсизлик талабларига риоя этилишига боғлиқ бўлади.

Марказ органлари, шунингдек, улар томонидан ташкил этилган ёки тўлиқ назорат қилинадиган ташкилотлар 2076 йил 1 январга қадар марказ қарорлари билан белгиланадиган солиқ турларидан озод қилинади.

Малакали иштирокчилар шу санагача молиявий хизматлардан олинадиган даромадлар бўйича фойда солиғи ва ижтимоий солиқдан озод этилади. Бунинг учун улар марказда етарлича иқтисодий иштирокка эга бўлиши, кўрсатилаётган ёки экспорт қилинаётган молиявий хизматлардан тегишли даромад олиши ҳамда қўшимча талабларга риоя этиши лозим.

Бошқа иштирокчилар марказ ҳудудида кўрсатиладиган қўшимча хизматлардан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи ва ижтимоий солиқдан озод қилиниши мумкин.

2076 йил 1 январга қадар марказ органлари ва иштирокчиларининг Ўзбекистон солиқ резиденти бўлмаган ходимлари марказдаги иши учун оладиган иш ҳақи бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан (ЖШОДС) озод этилади. Резидент ходимлар учун эса алоҳида имтиёзли режим белгиланиши мумкин.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар марказ биржасининг расмий рўйхатидаги қимматли қоғозларни сотишдан, иштирокчиларнинг акцияларини ёки уларнинг устав капиталидаги улушларини сотишдан олинган даромадлар ҳамда бундай активлар бўйича дивиденд ва фоизлар юзасидан солиқлардан озод қилинади.

2076 йилгача марказда фойдаланиш учун органлар, иштирокчилар, ходимлар ва инвестициявий солиқ резидентлари томонидан олиб кириладиган мол-мулк божхона божи ва йиғимларидан озод қилинади.

Агар бундай товарлардан марказ ҳудудидан ташқарида фойдаланилса ёки улар бошқа шахсларга ўтказилса, божхона тўловларини тўлаш талаб этилади.

Солиқ имтиёзлари марказ кенгашининг розилигисиз камайтирилиши ёки чекланиши мумкин эмас. Уларнинг самарадорлиги биринчи марта ўн йил ичида, кейинчалик эса камида ҳар беш йилда бир марта баҳоланади.

Инвестициявий солиқ резидентлиги

Инвестициявий солиқ резидентлиги мезонлари юмшатилди. Лойиҳага кўра, ариза берувчи ариза топширишидан олдинги беш йил давомида Ўзбекистон солиқ резиденти бўлмаслиги лозим эди. Агар у илгари Ўзбекистон фуқароси бўлган бўлса, фуқаролиги тугатилган пайтдан бошлаб камида ўн йил ўтган бўлиши керак эди.

Якуний қонунда ҳар иккала муддат уч йилгача қисқартирилди. Шу билан бирга, маблағлар манбасини, бенефициар мулкдорларни, солиқ ва санкция мақомини текшириш тартиби қўшилди. Агар иштирок этишдан асосий мақсад солиқлардан бўйин товлаш бўлса, бундай мақомни олиш мумкин бўлмайди.

Ариза берувчилардан бенефициарлар, маблағларнинг келиб чиқиши, солиқ резидентлиги ва санкция мақоми тўғрисидаги маълумотлар талаб қилиниши мумкин.

Инвестициявий солиқ резиденти назарда тутилган имтиёзлар ва махсус виза режимларидан фойдаланиши, Тижорат судига мурожаат қилиши ҳамда марказнинг васиятномалар ва мерос реестрига киритилиши мумкин.

Валюта режими

Иштирокчиларнинг пул мажбуриятлари хорижий валютада, қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда эса рақамли активларда ифодаланиши ва бажарилиши мумкин бўлади.

Марказ юрисдикцияси доирасидаги валюта операцияларига валюта шартномалари, капитал ҳаракати, билдиришномалар ва хорижий банк ҳисобварақлари тўғрисидаги миллий қонунчиликнинг умумий талаблари қўлланмайди, марказ ва Марказий банк томонидан бошқача тартиб белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Марказий банк молиявий барқарорликни таъминлаш, макроиқтисодий мониторинг юритиш ва пул ювишга қарши курашиш учун ахборот олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Иштирокчилар, ходимлар, инвестициявий солиқ резидентлари ва уларнинг оила аъзолари учун капитални эркин репатриация қилиш ва валютани конвертация қилиш имконияти назарда тутилади.

Марказдан ташқарида Ўзбекистон резидентлари билан ишловчи иштирокчилар сўмдаги омонатларни қабул қилиши ва ҳисобварақларини фақат марказ ҳамда Марказий банк томонидан биргаликда белгиланган қоидалар бўйича юритиши мумкин бўлади.

Визалар ва хорижий мутахассислар

Марказда ишлаш ёки фаолият юритиш учун келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга визалар электрон тизим орқали, дипломатик ваколатхоналар томонидан ҳамда марказ ҳудудидаги халқаро аэропортга келганидан сўнг берилиши мумкин.

Визалар тоифалари, уларнинг берилиш асослари ва амал қилиш муддатлари Кенгаш томонидан ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда белгиланади.

Марказ иштирокчилари ва уларнинг оила аъзоларига визалар уларнинг мақоми амал қилиш муддатига, инвестициявий солиқ резидентларига эса ушбу мақом тан олинган даврга берилиши мумкин.

Марказ органлари ва иштирокчилари хорижий ишчи кучини жалб этиш учун миллий рухсатнома олмасдан чет элликларни ишга ёллаши мумкин бўлади. Маъмурият уларнинг ҳисобини юритади ва маълумотларни ваколатли органларга тақдим этиб боради.

Молия марказининг органлари

Кенгаш, маъмурият, Молиявий хизматлар бошқармаси ва Тошкент халқаро тижорат суди марказнинг органлари ҳисобланади.

Улар ўз ваколатлари доирасида мустақил фаолият юритади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар уларнинг фаолиятига аралаша олмайди. Конституцион қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Марказ органлари ва уларнинг ходимлари ўз вазифаларини бажариш чоғида виждонан амалга оширган ҳаракатлари учун жавобгар бўлмайди, қасддан йўл қўйилган қоидабузарликлар ва қўпол эҳтиётсизлик ҳоллари бундан мустасно.

Молиялаштириш давлат бюджетидан, лицензия ва рўйхатдан ўтказиш тўловлари, хизматлар ҳақи, махсус жамғармалар ҳамда бошқа рухсат этилган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳар бир орган молия йили якунланганидан сўнг уч ой ичида йиллик ҳисоботни инглиз тилида эълон қилиши шарт. Консолидациялашган молиявий ҳисобот ҳар йили аудитдан ўтказилади.

Кенгашга президент раҳбарлик қилади

Кенгаш доимий фаолият юритувчи коллегиал орган бўлиб, марказнинг ривожланиш стратегиясини белгилаб беради.

Ўзбекистон президенти лавозими бўйича унинг раиси ҳисобланади. У кенгаш аъзоларини, шунингдек, айни вақтда молия марказининг бошқарувчиси бўладиган котибни лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади.

Кенгаш таркибига камида беш киши киради. Улардан камида учтаси халқаро савдо ҳуқуқи, молиявий хизматлар ёки тартибга солиш соҳаларида тажрибага эга бўлган мустақил мутахассис бўлиши шарт.

Кенгаш аъзолари беш йил муддатга тайинланади. Мустақил аъзоларнинг ваколатларини яна бир муддатга узайтириш мумкин бўлади.

Кенгаш марказнинг стратегияси ва бюджетини, идораларнинг ҳисоботларини, аудиторлик хулосаларини, унга қарашли ташкилотлар тузилмасини ҳамда марказ ичидаги муносабатларни тартибга солувчи қоидаларни тасдиқлайди.

Маъмурият асосий ижро этувчи орган ҳисобланади. Унга ижрочи директор раҳбарлик қилади.

Маъмурият иштирокчиларни рўйхатдан ўтказади, реестрларни юритади, инфратузилмани ривожлантиради, инвестицияларни жалб этади, кадрлар тайёрлайди, хорижий ташкилотлар билан битимлар тузади ва марказ ҳудудидаги давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради.

Алоҳида молиявий регулятор

Молиявий хизматлар бошқармаси марказнинг мустақил регулятори бўлади. У банклар, суғурта компаниялари, биржалар, молиявий платформалар, рақамли активлар билан боғлиқ операциялар ва бошқа тартибга солинадиган хизматларни лицензиялайди ва назорат қилади.

Регулятор иштирокчиларнинг молиявий барқарорлиги, капитали ва ликвидлигини, рискларни бошқаришни, корпоратив бошқарувни, мижозлар ҳимоясини, бозорни манипуляция қилиш ва инсайдер савдосининг олдини олишни назорат қилади.

У лицензиялар бериши, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриши ва чақириб олиши, текширувлар ўтказиши, ҳужжатларни талаб қилиб олиши, санкциялар қўллаши, компаниялар фаолиятини чеклаши ҳамда махсус бошқарувчиларни тайинлаши мумкин бўлади.

Бошқарувни ижрочи директор бошчилигидаги коллегиал орган бошқаради. Унинг аъзолари беш йил муддатга тайинланади.

Жарималар ва санкциялар

Конституциявий қонун ва марказ қарорларини бузганлик учун иштирокчига 10 млн долларгача жарима солиниши мумкин.

Агар қоидабузарлик муайян битим ёки фаолият билан боғлиқ бўлса, жарима миқдори олинган фойда ёки битим қийматининг ўн бараваридан ошмаслиги керак.

Бошқа санкциялар қаторига огоҳлантириш, қоидабузарликни бартараф этиш тўғрисида кўрсатма бериш, зарарни қоплаш, ноқонуний олинган фойдани қайтариш, оммавий ёки хусусий тартибда танбеҳ бериш, фаолиятни чеклаш, мансабдор шахсларни вақтинча лавозимидан четлаштириш, лицензия учун қўшимча шартлар белгилаш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки уни бекор қилиш ва иштирокчини марказ аъзолигидан чиқариш киради.

Санкциялар устидан Тошкент халқаро тижорат судига шикоят қилиниши мумкин.

Тошкент халқаро тижорат суди

Суд марказнинг мустақил органига айланади ва Ўзбекистон суд тизими таркибига кирмайди.

У конституциявий қонун ва марказ қарорларини шарҳлаш ҳамда қўллаш масалалари, шунингдек, ўз юрисдикцияси доирасидаги тижорат, иқтисодий, корпоратив ва фуқаролик-ҳуқуқий низолар бўйича мутлақ юрисдикцияга эга бўлади.

Суд иштирокчилар, органлар, ходимлар ва бошқа шахслар ўртасидаги низоларни, жумладан, айрим ҳодисалар марказ ҳудудидан ташқарида содир бўлган тақдирда ҳам, кўриб чиқиши мумкин. Томонлар ёзма келишув асосида судга бошқа низоларни ҳам кўриб чиқиш учун топширишлари мумкин.

Суд биринчи ва апелляция инстанцияларидан иборат бўлади. Бош судья ва бошқа судьяларни кенгаш тақдимномасига биноан президент тайинлайди.

Умумий ҳуқуқ ёки халқаро тижорат ҳуқуқи соҳасида юқори малака ва тажрибага эга бўлган ҳар қандай давлат фуқароси судья бўла олади. Доимий судьялар беш йил муддатга тайинланади, айрим ишлар учун эса ad hoc («муайян иш учун») судьялар жалб қилиниши мумкин бўлади.

Суд процессуал қоидаларни мустақил белгилайди. У активларни хатловдан ўтказиш, муайян ҳаракатларни тақиқлаш, ҳужжатларни ошкор қилишни талаб этиш ва муваққат бошқарувчиларни тайинлаш ваколатига эга бўлади.

Агар суд қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, низони моҳиятан ҳал қилувчи қарорлар узил-кесил ва мажбурий ҳисобланади. Улар Ўзбекистонда миллий судлар қарорлари билан бир хил тартибда ижро этилади.

Миллий судлар уларни моҳиятан қайта кўриб чиқа олмайди ёки марказ ҳужжатларини шарҳлай олмайди. Шунингдек, тижорат суди хорижий суд ва арбитраж қарорларини тан олиши ҳамда ижро этиши мумкин.

Халқаро арбитраж

Тижорат суди халқаро арбитражга кўмаклашиши мумкин: вақтинчалик чоралар кўриш, далилларни таъминлаш, арбитрларни тайинлаш ва айрим процессуал масалаларни ҳал қилиш каби. Агар арбитраж ўтказиладиган жой сифатида молия маркази танланса, назорат функцияларини унинг тижорат суди амалга оширади.

Марказда чиқарилган ёки унинг суди томонидан тан олинган арбитраж қарорлари Ўзбекистонда қонунчилик ва халқаро шартномаларга мувофиқ ижро этилади.

Дастлабки лойиҳадан фарқли ўлароқ, якуний қонунда Жиноят кодексининг айрим моддаларини қўллаш истисно этилмайди. Бунинг ўрнига, валюта, солиқ, божхона ва криптовалюта соҳаларидаги бир қатор қоидабузарликлар бўйича аввало фуқаролик-ҳуқуқий, тартибга солувчи ва маъмурий чоралар қўлланилиши лозим. Агар қилмиш жиноят ҳисобланиб, уни марказ доирасида ҳал этишнинг имкони бўлмаса, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилади.

Ўтиш даври

Марказ органлари қонун кучга киргач, икки ой муддатда шакллантирилиши керак. Кейинги ойда кенгаш иш бошлаш учун зарур ҳужжатларни тасдиқлаши лозим.

Марказнинг амалда ишга туширилиш санаси президентнинг тегишли қарори эълон қилинган кундан бошлаб бир йилдан кечикмаслиги керак.

Ўзининг тартибга солиш тизими яратилгунга қадар иштирокчилар миллий ёки тан олинган хорижий лицензиялар асосида вақтинча ишлашлари мумкин бўлади.

Агар компания марказ лицензиясини олиш учун ариза топширса, миллий лицензия марказ иш бошлаганидан кейин 60 кун давомида тан олинади.

Хорижий молия ташкилотларига регуляторлар ўртасидаги келишувлар асосида вақтинчалик рухсатномалар берилиши мумкин. Улар бир марта узайтириш имконияти билан икки йилгача амал қилади.

Президент администрациясига қонун ижросини ташкил этиш, Вазирлар Маҳкамасига эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни унга мувофиқлаштириш вазифаси юклатилди.

Марказий банк июнь ойида 21 та банкни жаримага тортди
Янгиликлар 15:06 · 20.07.2026
Марказий банк июнь ойида 21 та банкни жаримага тортди
2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,1 фоизга ўсиши кутилмоқда
Янгиликлар 11:36 · 20.07.2026
2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,1 фоизга ўсиши кутилмоқда
Уй-жой ва коммунал соҳа рақамлашмоқда: Инвестициялар ва янги тизимлар самараси
Янгиликлар 10:41 · 20.07.2026
Уй-жой ва коммунал соҳа рақамлашмоқда: Инвестициялар ва янги тизимлар самараси
Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун имзоланди. Тафсилотлар
Янгиликлар 8:58 · 20.07.2026
Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун имзоланди. Тафсилотлар
Дам олиш кунлари қайси банклар ишлайди?
Янгиликлар 10:00 · 18.07.2026
Дам олиш кунлари қайси банклар ишлайди?
Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида нарх-наво энг тез ошаётгани маълум бўлди
Янгиликлар 17:28 · 17.07.2026
Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида нарх-наво энг тез ошаётгани маълум бўлди