2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,1 фоизга ўсиши кутилмоқда
Йил якунигача ЯИМ ҳажми қарийб 2,2 квадриллион сўмга етиши прогноз қилинди.
Жорий йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 2025 йилдагига нисбатан қарийб 8,1 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги янгиланган Фискал стратегияда маълумот берди.
Ҳужжат ўзида 2029 йилгача бўлган даврни қамровчи иқтисодий сиёсатнинг асосий йўналишлари ва кутилмаларни жамлаган. Бюджет қонунидаги прогнозда 2026 йилда мамлакат иқтисодий ўсиш суръати 6,6 фоиз бўлиши қайд этилганди.
Эндиликда янгиланган кутилмалар ижобийлашиб, йил якунигача ЯИМ ҳажми қарийб 2,2 квадриллион сўмга (олдинги прогнозда 1,97 квадриллион сўм) етиши прогноз қилинди. Натижада иқтисодий ўсиш суръати сезиларли тезлашиши ва 8,1 фоизгача ошиши мумкин. Бунда саноат ва хизматлар иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари бўлиши кутилмоқда.
Таҳлилга кўра, 2026 йилда Ўзбекистонга асосий ҳамкор бўлган давлатларда иқтисодий ўсиш прогнозлари сезиларли паст даражада шаклланган. Жумладан, йил давомида Россия 1 фоиз, Хитой 4,4 фоиз, Туркия иқтисодиётида 3,4 фоизлик ўсиш кутилмоқда. Ўз навбатида Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти 4,6 фоизга, Қирғизистонники эса 6,1 фоизга ортиши прогноз қилинган.
Фискал стратегияда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 2027 йилда жон бошига 5 минг доллардан ошиши кутилмалари ҳам қайд этилган.
“ЯИМнинг реал ўсиши 2027 йилда 6,9 фоиз, 2028 йилда 7,1 фоиз ва 2029-йилда 7,4 фоиз даражасида шаклланиб, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 2027 йилги 5 106 АҚШ долларидан 2029 йилга бориб 6 203 АҚШ долларигача ошиши прогноз қилинмоқда”, дейилади ҳужжатда.
Маълумот учун, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2025 йилда 7,7 фоизга ўсиб, тарихда илк бор 147 миллиард долларга етган.
