Ўзбекистонликлар ўз номига расмийлаштирилган телефон рақам ва банк карталарини текшириши мумкин бўлади
Бундан ташқари, фуқаролар телефон рақамига уланган пулли хизматлар ҳақида маълумот олиши, банк карталарини блоклаш (ёпиш) бўйича эмитентга электрон мурожаат юбориши ҳам мумкин.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб фуқаролар my.gov.uz портали орқали ўз номига расмийлаштирилган телефон рақамлари ва банк карталари ҳақида маълумот олиши мумкин бўлади.
Президент қарорига кўра, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида фуқароларга ўз номига расмийлаштирилган ва фойдаланилаётган телефон рақамлари ҳамда банк карталари тўғрисида маълумот олиш имконияти яратилади.
Шунингдек, портал орқали маълум муддатга телефон рақамини нофаол ҳолатга ўтказиш ёки қайта фаоллаштириш, фойдаланилмаётган телефон рақамларига хизмат кўрсатишни тўхтатиш бўйича ариза юбориш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, фуқаролар телефон рақамига уланган пулли хизматлар ҳақида маълумот олиши, банк карталарини блоклаш (ёпиш) бўйича эмитентга электрон мурожаат юбориши ҳам мумкин бўлади.
Қарор билан яна бир янги тартиб жорий этилмоқда. Эндиликда фуқаро номига янги нотариал ҳаракат расмийлаштирилганда бу ҳақда Ягона портал орқали автоматик хабарнома юборилади ва бундай ҳаракатларнинг ҳисоби юритилади.
Ушбу ҳужжатга асосан, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб фуқароларга уларнинг розилигисиз реклама SMS-хабарлари юбориш тақиқланади. Мобил алоқа орқали товар, иш ёки хизматларни реклама қилувчи барча юридик ва жисмоний шахслар SMS-хабарларни фақат абонентнинг ёзма ёки электрон розилиги олинганидан кейингина юбориши мумкин бўлади.
