Марказий банк июнь ойида 21 та банкни жаримага тортди
Улар қонунчилик талабларига мувофиқ фаолият юритмаган. Шунингдек инспекция текширувлари ва ўрганишлар давомида ушбу ташкилотлар фаолиятида камчиликлар аниқланган.
Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2026 йилнинг июнь ойида ўтказилган йиғилишлар (жами 7 марта) давомида 34 та масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида жами 22 та масала кўриб чиқилди.
Хусусан, қўмита 6 та кредит ташкилоти уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш, 3 тааудиторлик малака сертификатини тақдим этиш ҳамда 4 та микромолия ташкилотини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш ва тўлов ташкилотига лицензия бериш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқди.
Шунингдек, 5 та кредит ташкилоти устав фондидаги улушга эгалик қилиш учун рухсат бериш масаласи муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, 4 та тижорат банки кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимлар номзодлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 12 та масала кўриб чиқилди.
Хусусан, Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларига риоя этилиши, банк ва нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция текширувлари натижалари ҳамда тақсимланмаган фойдани тақсимлаш масалалари муҳокама қилинди.
Пруденциал норматив талабларига риоя этилмаганлиги ҳамда ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари талабларига белгиланган тартибда мувофиқлаштирмаганлиги учун 23 та банк чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Қонунчилик талабларига мувофиқ фаолият юритмаганлиги, шунингдек инспекция текширувлари ва ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар учун 21 та банк, 1 та микромолия ташкилотига ва 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилди.
