Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилди
Янги орган исломий молия стандартларини ишлаб чиқади, соҳани тартибга солиш бўйича регуляторга хулоса ва тавсиялар беради.
Марказий банк ҳузурида исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи Исломий молия кенгаши ташкил этилди. Бу ҳақда регулятор ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, у исломий банк хизматларини кўрсатувчи банклар, микромолия ташкилотлари, Омонатларни кафолатлаш агентлиги ҳамда Марказий банк назорати остидаги бошқа ташкилотларнинг исломий молия фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал орган ҳисобланади.
Кенгаш таркиби Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис ва техник эксперт бўлган 5 нафар аъзодан иборат. Тузилмага Саиджамол Масайитов раис, Муҳаммадаюбхон Ҳомидов раис ўринбосари этиб тайинланган. Кенгаш аъзолари таркибидан Ҳикматилла Тоштемиров, Абдуллатиф Турсунов ва техник эксперт сифатида Ахроржон Садуллаев ҳам ўрин олган.
Кенгаш исломий молия стандартлари лойиҳаларини халқаро стандартлар ва маҳаллий шароитни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқади. Шунингдек, Марказий банкка исломий молия фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича хулоса ҳамда тавсиялар беради, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этади.
Бундан ташқари, кенгаш банклар ва микромолия ташкилотларига исломий молия бўйича тавсиялар беради, улар билан маслаҳат учрашувлари ўтказади ҳамда ААОИФИ йиғилишларида Марказий банк номидан қатнашиб, халқаро стандартлар лойиҳалари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдиради. Кенгаш ҳар йили Марказий банк бошқарувига ўз фаолияти бўйича йиллик ҳисобот тақдим этади.
Шавкат Мирзиёев 25 март куни банк тизимида исломий молия механизмларини жорий этиш бўйича тақдимот билан танишганди. Унда соҳада тизимли бошқарувни йўлга қўйиш мақсадида Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилиши маълум қилинган.
Шунингдек, исломий молия хизматларини кўрсатувчи банкларда ҳам алоҳида кенгашлар тузилиб, улар стандартлар ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва мувофиқлик назоратини амалга ошириш билан шуғулланади.
