Аir Аrabia Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига авиақатновларни йўлга қўйиши мумкин
Аir Аrabia авиакомпанияси 2022 йил 7 декабрдан бошлаб ҳафтасига 2 марта Абу Даби – Тошкент – Абу Даби йўналишида парвозларни йўлга қўяди. Келгусида ушбу қатновларни ҳафтасига 7 мартага ошириши кутилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Самарқанд ёки Бухоро шаҳарларига парвозларни амалга ошириш имкониятлари, озиқ-овқат маҳсулотларини авиақатнов орқали БААга экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинган

Аir Аrabia авиакомпанияси Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига авиақатновларни йўлга қўйиши мумкин. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 15 ноябрда Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистондаги элчихонасида БААнинг Аir Arabia авиакомпанияси тижорат менежери Акрам Ал Исмоил бошчилигидаги делегация қабул қилган.
Учрашувда авиақатновни мақсадли аудитория орасида тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига парвозларни амалга ошириш имкониятлари, озиқ-овқат маҳсулотларини авиақатнов орқали БААга экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Авиакомпания вакиллари юкларни ташиш билан боғлиқ батафсил маълумотлар қўшимча равишда тақдим қилинишини, 2023 йил давомида авиакомпаниянинг Абу Дабидаги таянч аэропорти ихтиёридаги самолётлар сони 8 тадан 15 тага кўпайиши кутилаётганини ва шунга мувофиқ Самарқанд ёки Бухоро шаҳарларига парвозлар йўлга қўйилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.
Музокаралар жараёнида авиакомпания 2019 йилда Ўзбекистоннинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига маҳаллий турагентлар иштирокида таништирув турларини ташкил қилганини ва ушбу тажрибани ҳамкорликда қайта ташкил этиш истагини билдирди.
Шунингдек, учрашув давомида Европадан Ўзбекистонга авиақатновлар сони камлиги учун мазкур авиакомпаниянинг Etihad Airways авиакомпанияси билан келишувига мувофиқ сайёҳлик компаниялари икки авиакомпания рейсларида транзит мақсадида фойдаланиши мумкинлиги таъкидланди.
Икки давлат авиация идоралари келишувларига мувофиқ Аir Аrabia авиакомпанияси 2022 йил 7 декабрдан бошлаб ҳафтасига 2 марта Abu Dabi – Toshkent – Abu Dabi йўналишида 999 БАА дирҳамидан (3 млн. сўм) бошланган нархларда парвозларни йўлга қўйишга эришилган, келгусида ушбу қатновларни ҳафтасига 7 мартагача ошириш кутилмоқда.






