Android ва iOS фойдаланувчилари мобил иловаларга рекорд даражадаги 135 млрд доллар сарфлади
Харажатларнинг асосий қисми геймерлар ҳисобига тўғри келади.

2021 йилда iOS ва Android фойдаланувчиларининг мобил иловаларга сарфлаган харажатлари қарийб чоракга ўсиб, рекорд даражадаги 135 миллиард долларга етди. Бу ҳақда РБК App Annie тадқиқотига таяниб, ёзмоқда.
Қайд этилишича, мобил иловаларга энг кўп пулни геймерлар яъни ўйинчилар сарфлайди: App Store’нинг 60 фоиз ва Google Play’нинг 80 фоиз даромади айнан геймерлар ҳисобига тўғри келади. Иловаларни юклаб олишлар сони ўтган йилга нисбатан 8 фоизга ошган.
«Ўтган йиллардагидек, фойдаланувчиларнинг iOS’даги харажатлари устунлик қилмоқда: иловалар бозоридаги ҳар бир долларнинг 65 центи Apple фойдаланувчилари томонидан сарфланади», дейилади хабарда.
Юклаб олишлар бўйича ўйинлардан ташқари, видео алмашиш ва таҳрирлаш, онлайн стриминг ва видеоконференция учун иловалар ҳам юқори ўринлардан жой олган. Кўпинча фойдаланувчилар CapCut, MX TakaTak ва Moj каби иловаларни юклаб олган.
Бироқ, энг катта харажатлар YouTube, Disney+, TikTok ва Twitch иловаларида кузатилмоқда. Энг катта ўсиш Zoom, Microsoft Office ва Teams иловаларида қайд этилган. Тадқиқотчилар ушбу тенденцияни пандемия даврида анча актуал бўлган масофадан туриб ишлаш ва ўқишга ўтилгани билан боғлаган.
Bridge Race, Hair Challenge, Project Makeover, Genshin Impact, ROBLOX, AmongUS ва Pokemon Unite дунёдаги энг машҳур ўйинлар, деб топилган. Сон жиҳатидан иловаларни юклаб олишнинг катта қисми Ҳиндистонда кузатилган — жами 20 фоиз, АҚШ — 9 фоиз ва Бразилия — 8 фоиз.
«Ижтимоий иловалар орасида TikTok фойдаланувчилар харажатлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Ундан кейинги ўринда BIGO LIVE ва Discord қайд этилган», дейилади хабарда.
Tinder эса энг машҳур танишув иловасига айланган, ундан кейин ўринда Bumble ва Hinge бормоқда.
Аввалроқ Android иловалар дўкони Play Store Google Play 2021 йилнинг энг яхши иловалари рейтингини эълон қилгани хабар қилинганди.






