Ажрим, изоляция ва пандемия хатолари: Билл Гейтс «энг қийин» йилни сарҳисоб қилди
Миллиардер 2021 йилни «ҳаётидаги энг ғайриоддий ва қийин йил», деб атади.

Microsoft асосчиси Билл Гейтс (Forbes Real-Time маълумотларига кўра, бойлиги 138,7 миллиард доллар) ўз блогида охирлаб бораётган йил якунларини сарҳисоб қилди. Миллиардер 2021 йилни «ҳаётидаги энг ғайриоддий ва қийин йил», деб атаган.
Қайд этилишича, пандемия сабабли, Гейтс бу йилни «асосан Интернетда» ўтказган. Шунингдек, миллиардер бир муддат ўзини изоляция қилган ҳолда ҳеч ким билан юзма-юз мулоқот қилмаган.
«Бу ғалати ва чалкаш тажриба эди», дея қайд этган миллиардер.
Гейтснинг тан олишича, кўпчилик унинг 27 йиллик турмушидан сўнг, рафиқаси билан ажрашишига алоҳида қизиқиш билдирган.
«Мелинда ва мен жамғармамизни биргаликда бошқаришда давом этмоқдамиз ва биргаликда янги, яхши иш ритмини топдик, аммо бу йил мен учун катта шахсий қайғу йили бўлганини инкор эта олмайман. Нима бўлишидан қатъи назар, ўзгаришларга мослашиш ҳеч қачон осон эмас», — дейди у.
Миллиардернинг қўшимча қилишича, 2021 йилда унинг уйи анча ҳувиллаб қолган: катта қизи Женнифер турмушга чиққан, кенжа қизи Фиби ва ўғли Рори ўқишга кетган, рафиқаси билан эса ажрашган.
«Уй ўспиринларсиз анча тинч бўлиб қолди, лекин мен уларни соғиняпман», — дейди Гейтс.
Умуман олганда, 2021 йил миллиардер учун «катта ўзгаришлар йили» бўлган. Аммо у COVID-19 пандемияси ҳақида ўйлашдан тўхтамаган. У, шунингдек, ўтган 2020 йил якунида 2021 йил яхшиланади, деган прогнози амалга ошмаганини тан олган: бу йил ўтган 2020 йилга қараганда коронавирусдан кўпроқ одам вафот этди.
Аммо Гейтс одамларни эмлаш жараёни пандемиянинг биринчи йилида бошланганини «мўъжиза», деб атаган. У, шунингдек, олимлар вирусга қарши иккита янги дори ишлаб чиққанини эслаб ўтган.
«Яна башорат қилиш аҳмоқлик бўларди, аммо менимча, пандемиянинг ўткир босқичи тахминан 2022 йилда тугайди», деб ёзади миллиардер.
Унинг фикрича, пандемия билан боғлиқ вазиятни яхшилашдаги катта имконият ёлғон ахборотга қарши кураш билан боғлиқ.
Гейтс ижтимоий тармоқларнинг тартибга солинмаганлиги ва ёлғон ахборот тарқалиши ортидан давлат идораларига бўлган ишончнинг пасайиши 2022 йилнинг асосий муаммоларидан бири бўлишини айтган.
«Сўнгги бир неча йиллар давомида кўрганларимга асосланиб, хулоса қиладиган бўлсак, ҳукуматларнинг катта натижаларга эриша олиши мени ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ташвишга солмоқда», — дейди миллиардер.
Қайд этилишича, унинг хавотирлари, жумладан, иқлим фалокати ва янги пандемия пайдо бўлишининг олдини олиш зарурлигини ўз ичига олади.
Миллиардернинг ишончи комилки, 2022 йилда кўпчилик пандемиядан кейин ниҳоят нормал ҳолатга қайтади.
«Дунё аввал ҳам катта зарбаларга учраган ва мослашган. Биз буни яна амалга оширамиз», — дейди у.
Аввалроқ Билл Гейтснинг ядровий стартапи асосида 4 млрд долларлик АЭС қурилиши хабар қилинганди.






