«Ғиждувон» эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилади
Кенгайтириш Жонгелди ва Бўзачи МФЙларидан 100 гектардан ер майдони ажратиш ҳисобига амалга оширилади

Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 17 ноябрдаги «‘Ғиждувон’ эркин иқтисодий зонаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужжатга асосан «Ғиждувон» ЭИЗ ҳудудини кенгайтириш учун Пешку тумани Жонгелди МФЙдаги ва Қоровулбозор тумани Бўзачи МФЙдаги 100 гектардан бўш турган ер участкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан бошқа ер тоифасига ўтказилади. Мазкур ер участкалари давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ҳолда, «Ғиждувон» ЭИЗ дирекциясига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади.
Қайд этилишича, «Ғиждувон» эркин иқтисодий зонасининг янги ҳудудларида устувор равишда қурилиш саноатини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилади. Шунингдек, эркин иқтисодий зонанинг ҳудудида, шу жумладан янги ташкил этиладиган ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш Президентнинг 2018 йил 21 декабрдаги фармонига мувофиқ электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади.
Бундан ташқари, «Ғиждувон» ЭИЗга ер майдонлари ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди. Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17 ноябрдан кучга кирган.
Аввалроқ Ўзбекистонда саноат корхоналари энг кўп ҳудудлар рейтинги хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг 4 ҳудудида 740 миллион долларлик кимё кластерлари қурилиши ҳақида хабар берилди.






