Meta ўз платформаларида ёлғон ахборотга қарши курашиш учун экспертлар бирлашмасини тузади
Мутахассислар сохта хабарларни, улар давлат ОАВларига тегишли бўлса ҳам, «ёлғон» деб белгилайди.

Meta ўз платформаларида ёлғон ахборотга қарши курашиш учун экспертлар бирлашмасини тузади. Бу ҳақда компаниянинг халқаро алоқалар бўйича президенти Ник Клегг Meta оммавий сиёсати бўйича минтақавий директори Жорж Чен томонидан Facebook’даги саҳифасида эълон қилинган баёнотида маълум қилди.
Қайд этилишича, Meta компанияси «иложи борича тезроқ жавоб бериш ва нафрат уйғотувчи контентни йўқ қилиш» учун Махсус операциялар марказини яратади. Мутахассислар ва тил эгаларидан иборат марказ сохта хабарларни кузатиб боради ва аниқлайди.
«Украинадаги вазият ҳалокатли. Бизнинг жамоамиз платформаларимиз ва минтақадаги фойдаланувчиларимиз имкон қадар хавфсиз бўлишини таъминлаш учун бир қатор чоралар кўрди. Биз реал вақт режимида жавоб бериш ҳамда зўравонликни қўзғатувчи ёки сиёсатимизни бошқа йўл билан бузувчи нафрат сўзлари ёки контентни олиб ташлаш учун мутахассислар ва она тилида сўзлашувчилардан иборат Махсус операциялар марказини ташкил этдик», дейилади баёнотда.
Клеггнинг сўзларига кўра, марказ мутахассислари ёлғон хабарларни, агар улар давлат ОАВлари томонидан чоп этилган бўлса ҳам, «сохта» деб аниқлайди ва белгилайди.
«Киберхавфсизлик бўйича гуруҳларимиз платформамизни суиистеъмол қилишга қаратилган мувофиқлаштирилган уринишларни диққат билан кузатиб бормоқда. Бу тез ўзгарувчан вазият ва биз юқори ҳушёрликдамиз», — дея қўшимча қилади компаниянинг халқаро алоқалар бўйича президенти.
Бундан олдин, 24 февраль куни Facebook Россиянинг «Звезда» телеканали, «РИА Новости» агентлиги, «Лента.ру» ва «Газета.ру» нашрлари материалларига «нотўғри маълумотлар тарқалиши» сабабли чекловлар киритган эди. Медиа хабарлари 90 кун давомида янгиликлар лентасининг қуйи қисмида пайдо бўлади.
Аввалроқ Apple Россия банкларининг иловаларини блоклашни бошлагани хабар қилинганди. Шунингдек, Audi, Porsche каби йирик автоконцернлар Россияга автомобиль етказиб беришни тўхтатгани ҳақида хабар берилди.






