Мева-сабзавот экспорти: узум энг кўп сотилмоқда, асосий харидорлар — Россия ва Қозоғистон
Ўзбекистон мева-сабзавотларини хажм бўйича энг кўп Қозоғистон, қиймат бўйича энг кўп Россия сотиб олмоқда.
Ўзбекистон мева-сабзавот экспортида қиймат жиҳатидан энг катта улушни узум эгаллаб турибди, Россия харидорлар орасида етакчи ҳисобланади. Бу ҳақда ПМТИ матбуот хизмати Kommers.uz’га хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январь-май ойлари давомида хорижий мамлакатларга умумий қиймати 335,1 миллион долларга тенг бўлган 615,7 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинган. Бу эса 2021 йилнинг шу давридагига нисбатан15,0 фоиз кўп демакдир.
Мева-сабзавотлар экспортида қиймат жиҳатидан энг катта улушни узум (майизни қўшган ҳолда) — 13,0 фоиз, мош — 11,2 фоиз, помидор — 9,6 фоиз, карам — 9,4 фоиз, гилос — 6,7 фоиз, пиёз — 5,5 фоиз, олхўри қоқи — 3,5 фоиз, ерёнғоқ — 3,4 фоиз эгаллайди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг январь-май ойларида экспортнинг умумий ҳажмида мева-сабзавотлар улуши 4 фоизни ташкил этган.
Мева-сабзавотларнинг қиймат бўйича асосий қисми Россия (29,8 фоиз), Қозоғистон (25,5 фоиз), Хитой (11,9 фоиз), Покистон (5,6 фоиз), Қирғизистон (4,4 фоиз) Афғонистон (4,2 фоиз), Беларусь (2,6 фоиз) каби мамлакатларга экспорт қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Давлат статистика қўмитаси берган маълумотларда Ўзбекистон 2022 йилнинг беш ойида ҳажм бўйича энг кўп мева ва сабзавот маҳсулотларини Қозоғистонга экспорт қилгани келтирилганди. Россия 118 минг тонна кўрсаткич билан иккинчи ўринда қайд этилган.
Қиймат ва ҳажм бўйича фарқ
Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистон Қозоғистонга ҳажм бўйича энг кўп (314 минг тонна — 85,5 миллион долларлик) мева-сабзавот экспорт қилган. Қиймат бўйича эса Россия (118,5 минг тонна — 99,8 миллион долларлик) экспортдаги асосий улушни эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 июндан қуйидагиларни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш (экспорт қилиш) вақтинчалик тақиқланди:
- ўсимлик ёғи, шу жумладан пахта, кунгабоқар ёғи;
- кунгабоқар уруғлари ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва мевалари.
Шунингдек, 2022 йил 1 майдан 2023 йил 1 январгача бир қатор товарларни (жумладан, балиқ, янги ёки қуритилган цитрус мевалари (лимондан ташқари), маргарин ва бошқа) олиб киришда божхона божларининг ноль ставкалари белгиланган.