Ўзбекистон бозорларидаги нархлар: ноябрь ойида нима арзонлашиб, нималар қимматлашди?
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистонда 1—13 ноябрь кунлари бозорларда қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг улгуржи нархлари бўйича таҳлил эълон қилди

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан 1–31 июль кунлари деҳқон бозорларида асосий истеъмол товарларининг улгуржи нархлари бўйича кузатув натижалари эълон қилинди. Вазирлик асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг улгуржи нархлари ўзгариши юзасидан таҳлилий маълумот берди.
Арзонлашган маҳсулотлар
Ушбу давр мобайнида бозорда киви 6 000 сўмга, узум 1 500 сўмга гуруч (лазер) 1 000 сўмга арзонлаган.
Қимматлашган маҳсулотлар
Шунингдек, саримсоқ пиёз 4 250 сўмга, банан ва мандарин 2 500 сўмга, нўхат 2 000 сўмга, помидор 1 500 сўмга, бодринг 750 сўмга, бақлажон 600 сўмга, сабзи (қизил) 500 сўмга, картошка (маҳаллий), карам, сабзи (сариқ) 250 сўмга ошган.
Давлат божхона қўмитасининг тезкор маълумотларига асосан, умумий қиймати 124,9 млн АҚШ долларлик (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 70,2 млн АҚШ доллари кўп) жами 177,2 минг тонна (103,2 минг тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Хусусан, мазкур даврда 46,3 минг тонна узум, 26 минг тонна хурмо, 21,7 минг тонна мош, 14 минг тонна ловия, 11,6 минг тонна пиёз, 6 минг тонна қуритилган мева, 4,7 минг тонна турп, 4,6 минг тоннадан майиз ва помидор ҳамда 3,5 минг тонна кўк пиёз, 3,2 минг тоннадан кўкат ва ерёнғоқ ташқи бозорларга етказиб берилган.
Бозорларга энг кўп келтирилган маҳсулотлар
Шунингдек, ушбу давр мобайнида 16,6 млн АҚШ доллари (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,4 минг АҚШ доллари кўп) қийматидаги жами 77,7 минг тонна (36,7 минг тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, 57,3 минг тонна картошка, 13,9 минг тонна банан, 847 тонна мандарин, 508,2 тонна киви ҳамда 571,2 тонна апельсин импорт қилинган.
Ҳудудлардан Тошкент бозорларига келтирилган маҳсулотлар
Тезкор маълумотларга асосан, «Қўйлиқ» бозорига ҳудудлардан жами 10 минг тонна, хусусан, 5,2 минг тонна картошка, 3,5 минг тонна пиёз, 295 тонна карам ва 986 тонна сабзи келтирилган. Хусусан, ҳудудлар ва маҳсулотлар кесимида таҳлил қилинганда:
- Самарқанддан 871 тонна, Тошкент вилоятидан 532 тонна картошка;
- Жиззахдан 1 280 тонна, Самарқанддан 1 224 тонна ва Тошкент вилоятидан 1 042 тонна пиёз;
- Тошкент вилоятидан 295 тонна карам;
- Қашқадарёдан 482 тонна, Бухородан 212 тонна, Тошкентдан 177 тонна, Сурхондарёдан 87 тонна ва Фарғонадан 28 тонна сабзи етказиб берилган.
Шунингдек, «Қўйлиқ» бозорига Қозоғистондан 3 164 тонна, Қирғизистондан 552 тонна ва Покистондан 57 тонна картошка келтирилган.
Шу билан бирга, ҳудудлардан «Чорсу» деҳқон бозорига жами 187,2 тонна, шу жумладан, 170,5 тонна мол гўшти ва 16,7 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.






