Ўзбекистон Қирғизистон билан ҳамкорликда енгил автомобиллар ишлаб чиқаради
Қирғизистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришди

Ўзбекистон ва Қирғизистон биргаликда енгил автомобиллар ишлаб чиқаради. Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевнинг Қирғизистон элчиси Мусо Жаманбаев билан учрашувида маълум қилинди.
Таъкидланишича, учрашувда 2022-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекситон — Қирғизистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаси ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги битим ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласи соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, томонлар шаҳар транспорти соҳасида 1,85 миллион долларлик лойиҳани молиялаштиришни бошлаган Ўзбек – Қирғиз тараққиёт жамғармаси фаолиятини ҳам муҳокама қилишди. Бугунги кунда Ўзбекистонда қирғиз капитали асосида 291 та корхона фаолият кўрсатмоқда.






