Ўзбекистон ШҲТ доирасида камбағалликни қисқартириш бўйича ҳужжат ишлаб чиқишни таклиф қилди
ШҲТга аъзо давлатлар вазирлик ва идоралари раҳбарларининг онлайн учрашуви ўтказилди.

Ўзбекистон ШҲТ доирасида камбағалликни қисқартириш бўйича ҳужжат ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 28 январь санасида Ўзбекистон бош вазир ўринбосари — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вазирлик ва идоралари раҳбарларининг камбағалликни қисқартириш масалалари юзасидан онлайн шаклда учрашув ташкил этилган.
Учрашув давомида томонлар ШҲТга аъзо давлатларда камбағалликни қисқартиришга доир қўлланиладиган чора-тадбирлар, мақсадлар ва янги ёндашувлар, камбағалликни қисқартириш юзасидан тажриба алмашиш, ШҲТга аъзо давлатларнинг тегишли соҳаларда, шу жумладан, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қўшма тадқиқотларини ташкил этиш, камбағалликни қисқартириш соҳасида ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари масалаларини муҳокама қилган.
Учрашувда ўзбек томони камбағалликни қисқартириш соҳасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қуйидаги чора-тадбирларни таклиф этган:
- биринчи, ШҲТ мамлакатларининг камбағалликни қисқартириш соҳасидаги узлуксиз ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шу жумладан, мазкур йўналишда доимий тажриба алмашиш механизмини ҳамда камбағалликни қисқартиришнинг самарали усулларини жорий этиш;
- иккинчи, ШҲТнинг барча мамлакатлари манфаатларига тўғри келадиган камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ташкилот доирасидаги ҳужжатни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш;
- учинчи, ШҲТ мамлакатларида камбағалликни қисқартириш бўйича мутахассислар учун семинарлар, мастер-класслар, тренинглар ташкил этиш.
Шунингдек, мазкур тадбирлар камбағалликни қисқартириш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича инновацион воситаларни жорий этишга хизмат қилиши таъкидланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда камбағаллик чегараси белгилангани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент иқтисодий комплекс раҳбарларига бир қанча вазифалар топширгани ҳақида хабар берилди.






