Ўзбекистон узумни асосан Россияга экспорт қилмоқда
Мамлакат энг кўп узумни Россияга етказиб бермоқда. Узум экспорти 2022 йил бошидан буён 60 фоизга ошиб, қарийб 160 минг тоннани ташкил этди

Ўзбекистондан Россияга узум импорти йил бошидан буён ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 60 фоизга ошиб, қарийб 160 минг тоннани ташкил этди. Бу ҳақда «Rosselxoznadzor»га таяниб, ТАСС хабар берди.
Қайд этилишича, бошқарма бошлиғи Сергей Данкверт ва Ўзбекистон карантини ва ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги бош директори Иброхим Эргашев ўртасидаги ишчи учрашув якунлари бўйича «Rosselxoznadzor» матбуот хизмати хабар берган.
«Жорий йилда янги узум жўнатилган асосий товарга айланди, уни етказиб бериш қарийб 60 фоизга ошди ва салкам 160 минг тоннани ташкил этди. Тош мевали экинларни импорт қилиш ҳажми икки баравардан ортиқ, карам, лавлаги ва сабзи жўнатилиши сезиларли даражада ошди. қайд этилди», — дейилади хабарда.
Умуман олганда, Ўзбекистон мева-сабзавотларининг Россияга импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,3 фоизга ошиб, 471,1 минг тоннадан ортиқни ташкил этди.
Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Ўзбекистонга экспорти ноябрь ойи охирига келиб қиймат жиҳатидан 19 фоизга ошди.
Юбориладиган маҳсулотларнинг асосий турлари маргарин, кунгабоқар ёғи, шоколад, нон маҳсулотлари, соя кеки ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобланади.






